Ўзбекистонга келувчи ҳиндистонлик сайёҳлар оқими кўпаяди

Тошкентда 16 август куни Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ҳиндистон Саноат конфедерацияси таркибига кирувчи 100 дан ортиқ йирик компаниялар ва бизнес тузилмалар вакиллари иштирок этди. 
Жаноб Цириас, Ҳиндистон Республикаси туризм вазири:
– Сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Ҳиндистонга транспорт ва туризм хизматлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кончилик хомашёси экспортини йўлга қўйган, Ҳиндистон юртингизга кимё саноати, фармацевтика, текстиль маҳсулотлари, тиббиёт, илмий-техник ускуналари етказиб бермоқда.
Маълумки, туризм бугунги жаҳон иқтисодиётида муҳим тармоқ ҳисобланади. Ўзбекистондан ҳар йили кўплаб сайёҳлар дам олиш билан бирга тиббиёт, таълим туризми юзасидан мамлакатимизга ташриф буюради. Ўз навбатида, Ҳиндистондан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Биз юртингизга туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш мақсадида ташриф буюрдик. Ўйлайманки, келгусида Ўзбекистонга келувчи ҳиндистонлик сайёҳлар оқими янада кўпаяди.

 

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА