Нукус шаҳридаги “Халқлар дўстлиги” майдонида ўрнатилган Янги йил арчаси атрофида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети томонидан фаол талаба-ёшларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда университет ректори, академик А.Реймов талаба-ёшларни янги йил байрами ва қўлга киритган ютуқлари билан муборакбад этиб, давлатимиз томонидан берилаётган кенг имкониятларни алоҳида қайд этди. Шунингдек, ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ўз устида мунтазам ишлаш ва келгусида Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилиш зарурлигини таъкидлади.
“Йил талабаси – 2024” республика танловининг университет босқичида талаба-ёшлар 7 та номинация бўйича иштирок этиб, унда узлуксиз (академик танаффуссиз) кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-3 ва 4 босқич талабалари ўртасида иштирокчиларнинг жорий йилда ўзлари томонидан яратган илмий ишлари, ихтиролари, инновацион ғоялари, рационализаторлик таклифлари эътироф этилди.
Шундан сўнг, “Йил талабаси – 2024” танлови бўйича мазкур олий ўқув юрти босқичи ғолиблари ҳамда жамоат ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган бир қатор талаба-ёшлар рағбатлантирилди.
Тадбир маданият ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири