Адабиётга ошно инсонларнинг аксарияти болаликда сўз санъатининг мўъжизакор дунёсига Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Сеҳрли қалпоқча”, “Сариқ девни миниб”, “Ширин қовунлар мамлакати”, “Сариқ девнинг ўлими”, “Беш болали йигитча” каби бетакрор асарлари орқали мафтун бўлган.
Миллий сўз санъатимизнинг дарғаларидан бири, болалар адабиётининг етук намояндаси Худойберди Тўхтабоев 1932 йили 17 декабрда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида таваллуд топган.
Унинг болалик ва ўсмирлик йиллари уруш даврига тўғри келди, ота-онадан эрта етим қолди. Айнан болалик давридаги оғир ва маҳзун ҳаётий ҳақиқатлар кейинчалик адибнинг “Беш болали йигитча” асарида ўзининг ёрқин ифодасини топгани ҳам бежиз эмас.
Ёзувчи ўрта мактабни тугатиб, ТошДУ – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетининг логика-психология бўлимига ўқишга киради. Талабалик йиллариданоқ бадиий ижодга қизиқади.
Худойберди Тўхтабоев олий ўқув юртини тугатгач, «Тошкент ҳақиқати», «Қизил Ўзбекистон» газеталарида, «Гулистон», «Гулхан», «Шарқ юлдузи», «Ёш куч» каби журналларда, «Камалак» нашриётида ишлади. «Олтин мерос» республика жамғармасига раҳбарлик қилди.
Адиб ижодининг дастлабки давриданок ҳажвга, кулгига мойил ҳикоя тўпламларини, қисса ва романларини яратди. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами «Шошқалоқ» номи остида 1961 йилда эълон қилинди.
Устоз ёзувчининг «Сеҳрли қалпоқча», «Сариқ девни миниб» каби асарлари 1968 йилда нашр этилиб, дунё халқларининг 40 дан ортиқ тилига таржима қилинган. Бу асарлар миллионлаб нусхаларда нашр этилган.
Худойберди аканинг «Сариқ девнинг ўлими» (1973), «Беш болали йигитча» (1976), «Қасоскорнинг олтин боши» (1981), «Йиллар ва йўллар» (1983), «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида» (1986), «Мунгли кўзлар», «Сир очилди» (1964), «Омонбой ва Давронбой саргузашти», «Жаннати одамлар» (1996), «Шошқалоқ», «Сўқмоқлар» ва бошқа асарлари адабиёт мухлисларига яхши таниш.
Айтиш керакки, устоз ижодкор газетада меҳнат қилган чоғида ўткир ва долзарб мавзуларда фельетонлар ёзган журналист сифатида ҳам ном қозонган эди. Айни шундай танқидий руҳдаги материаллар жамиятдаги турли иллатларга барҳам беришда ғоят катта аҳамият касб этган эди.
Мустақиллик йилларда адибнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. У ёш авлодни юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган асарлар яратиш баробарида адабиёт ва китобхонликни кенг тарғиб қилишга ҳам муносиб ҳисса қўшди.
Ёзувчи тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди.
Худойберди Тўхтабоевнинг ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон халқ ёзувчиси”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти ҳамда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган эди.
Худойберди Тўхтабоев болажонларнинг самимий ва меҳрибон дўсти, севимли адиби сифатида кўпчилигимизнинг қалбимизда қолган ижодкор.
Н.Усмонова, ЎзА