Янгиланган Конституция билан Сенатга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш ваколати берилди.
Сенатга келиб тушган мурожаатлар, уларда кўтарилаётган муаммолар, ҳудудлардаги ўрганишлар натижаси адвокатура фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали жисмоний шахсларга юридик ёрдам кўрсатишни янги босқичга олиб чиқиш зарурати мавжудлигини кўрсатган.
Шу боис, Сенат томонидан ушбу масалаларнинг ечимига қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 22-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида гумон қилинувчи, айбланувчиларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган гумон қилинувчи, айбланувчига ўз аризаси билан видеоконференцалоқа тизими орқали ҳимоячи билан мулоқот қилиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси экспертлари гуруҳида муҳокама қилинган қонун лойиҳаси гумон қилинувчи, айбланувчиларнинг ҳуқуқлари таъминланишига, ҳимоячиларнинг иши енгиллашишига ва масофавий ишлаш имконияти яратилишига хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокама якунида илғор хорижий тажрибани чуқурроқ таҳлил қилиш зарурлиги, билдирилган фикр ва таклифлар асосида қонун лойиҳасини янада такомилига етказиш ва уни белгиланган тартибда вазирлик ва идоралар билан кўриб чиқиш, энг асосийси, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишига келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА