Пойтахтимизда Бизнес-омбудсман томонидан БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида “Бизнес амалиётида ва давлат томонидан бизнес фаолиятини текшириш жараёнларида коррупция хавфларини камайтириш” мавзусида навбатдаги халқаро бизнес-форум бўлиб ўтди.
Бизнес ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тизимини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган тадбирда хорижий Бизнес-омбудсманлар, вазирлик ва идоралар, назорат органлари, тадбиркорлик субъектлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Маълумки, қонунчиликдаги ўзгаришлар ва рағбатлантирувчи имтиёзлар ҳамда преференцияларни ўз ичига олган комплекс ёндашув мамлакатимизга барқарор иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш имконини бермоқда.
Ҳалол бизнес юритиш тамойилларини илгари суришда бир қатор муҳим қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, 2024 йил бошида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилди. Бу рейтинг қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутади.
Уч йилдирки, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хусусий секторнинг шаффоф ва очиқ фаолият юритишини таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун форум ўтказилмоқда.
2021 йилда ўтказилган биринчи форум Ўзбекистон бизнес ҳалоллиги хартияси қабул қилиниши билан аҳамиятли бўлди. У молия, коррупцияга қарши курашиш ва давлат харидлари каби муҳим соҳаларда шаффофлик ва ҳалолликнинг юқори стандартларини белгилайди. Хартияга қўшилиб, тадбиркорлар ҳалол рақобат, коррупциянинг олдини олиш ва ижтимоий масъулият тамойилларига риоя қилиш мажбуриятини олади.
Ҳужжат Бизнес-омбудсман, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқилган. Қисқа вақт ичида Хартияга 500 дан ортиқ тадбиркор қўшилди ва шу билан бизнес юритишда ҳалоллик ва очиқликка тайёр эканликларини билдирди.
III «Бизнесда ҳалоллик» форуми Ўзбекистон ишбилармон доиралари учун яна бир муҳим воқеа бўлади. Форум доирасида коррупцияга қарши курашишнинг самарали усуллари муҳокама қилинди ва бизнесни ривожлантириш юзасидан илғор тажрибалар алмашилди.
Хусусан, Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов сўзга чиқиб, барқарор иқтисодий ривожланиш йўлида бизнесни ҳалоллик тамойиллари асосида юритиш асосий ўрин эгаллаши, мамлакатимизда тадбиркорларни ҳалоллик тамойиллари ва қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда бизнес юритишини рағбатлантириш учун қонунчилик базаси яратилганини қайд этди.
–Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, очиқлик, ошкоралик ҳамда хусусий сектор ва фуқаролик жамияти билан мулоқотни таъминловчи сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга биз ижобий фикрдамиз, – деди UNODC минтақавий вакили Оливер Столпе. – Бу ривожланиш жараёнида ишбилармонлик амалиётида ҳалоллик маданиятини юксалтириш муҳим саналади.
Шунингдек, тадбирда Ҳонгконг коррупцияга қарши курашда намуна сифатида кўпинча тилга олиниши ва Ҳонгконгнинг Коррупцияга қарши мустақил комиссияси хулосалари самарали ижро механизмлари ва ахлоқий меъёрлар шаффофлик ва жавобгарлик муҳитини яратиши мумкинлиги ҳақида сўз юритилди.
Форум якунида тадбиркорлик субъектларининг Коррупцияга қарши курашиш Хартиясига қўшилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА