Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ускуналари сифатини баҳолаш синов лабораториясини ташкил этиш бўйича дастлабки ҳужжат имзоланди. Мазкур битим Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров, Корея Савдо, инвестициялар, саноат ва энергетика вазирлиги, Корея илғор технологиялар институти ва Корея мувофиқлик лабораториялари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда тузилди.

Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган Корея лойиҳаларининг бугунги ҳолати ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди, дейилади Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотида.

Бундан ташқари, Корея экспертлари томонидан энергия сиёсатининг глобал тенденциялари, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг жорий ҳолати ва энергия қурилмаларининг сифатини назорат қилиш марказини ташкил этиш бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА