Тошкентда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг ахборот соҳаси вазирлари ва юқори мартабали мансабдор шахсларининг 6-йиғилиши, Медиа ва ахборот бўйича ишчи гуруҳнинг 11-йиғилиши ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти медиа форуми бўлиб ўтмоқда.

Тадбирлар бугун “International Hotel Tashkent”да Медиа ва ахборот бўйича ишчи гуруҳнинг 11-йиғилиши билан бошланди, деб хабар қилмоқда АОКА ахборот хизмати.

Йиғилишда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов ахборот соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари хусусида сўз юритди.

Ишчи гуруҳ йиғилишида ТДТга аъзо давлатларнинг ахборот соҳаси вазирлари ва юқори мартабали мансабдор шахсларининг 6-йиғилишининг Тошкент баёноти лойиҳаси кўриб чиқилди.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари “2024-2025 йилларга мўлжалланган Туркий давлатлар ташкилотининг ахборот соҳасидаги ҳаракатлар режаси“ни ишлаб чиқиш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, Туркия телерадиоэшиттиришни тартибга солувчи органлар форумини ташкил этиш борасидаги таклиф муҳокама қилинди.

Йиғилишда “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар трансляцияси тўғрисида“ги битимни имзолаш масаласи кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида Медиа ва ахборот соҳаси вазирлари ва юқори мартабали мансабдор шахсларининг 7-йиғилиши ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти Медиа ва ахборот бўйича ишчи гуруҳининг 12-йиғилишини ўтказиш жойи ва санасини белгилаш юзасидан фикрлар билдирилди.

Н.Усмонова,

ЎзА