Сенат ялпи мажлисида нафақат қонунлар, балки жамиятдаги долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Сенат Раиси давлатимиз раҳбари ижтимоий ҳимоя масаласини кўриб чиқаётганида ногиронлиги бор болалар туғилиши масаласига тўхталиб ўтганига эътибор қаратди.
Бу Самарқанд вилояти мисолида таҳлил қилинганда, туғма ногиронлар дунёга келаётгани аниқланган. Шунинг учун ҳамма аёллар текширувдан, айниқса, скринингдан ўтиши керак.
– Скрининг текширувларини амалга ошириш, керакли реактивлар, ҳомиладор аёллардаги турли наслли касалликларни текшириш учун бюджетдан пул ажратилмоқда. Текширувда касалликлар аниқланса, даволаш чоралари кўрилади ёки аёлнинг хоҳиши билан ҳомиладорлик тўхтатилади. Мана шу реактивларни олиб келишда йил бошида узилишлар бўлди. Аралашганимиздан кейин шу узилишлар бартараф этилди. Маблағ ажратилган, лекин нимагадир ўша реактивлар жойига етиб бормаган, – деди Т.Норбоева.
Сенат Раиси cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарҳод Ташпўлатовга бир неча савол билан мурожаат қилди.
Ҳозир мана шу масалада бюджетдан етарли маблағ олиндими? Бу бўйича қандай муаммолар бор?
Ф.Ташпўлатов: Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун Президентимизнинг ПҚ-296-сонли қарори қабул қилинган. Дастур доирасида ҳар йили 130-140 миллиард сўм атрофида маблағ оламиз. Бу жиҳозлардан ташқари фақатгина оналик ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ дори-дармонлар ҳамда реагентларга сарфланади. Афсуски, бозор конъюнктурасига дунёдаги ҳолат ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Йўл билан боғлиқ муаммолар сабабли маҳсулот келиши чўзилиб кетиш ҳолатлари мавжуд.
Маблағ билан боғлиқ масала бўлмади, тўғрими?
Ф.Ташпўлатов: Албатта, шундай. Ҳаммасини тизимли йўлга қўйиб олганмиз. Президентимизнинг ПҚ-408-сон қарори билан ташкилотлар бирлашиб, ягона харидлар марказига айлантирилди. Энди онлайн тизимда бошидан охирига қадар “етказиб берувчи – ишлаб чиқарувчи – истеъмол қилувчи” занжири шакллантирилди. Келгуси йилга ҳамма нарса етарли. Фақатгина ўз вақтида, ишларимизни сифатли ташкил қилсак бўлди.
«Президентимизнинг ПҚ-296-сонли қарори бўйича кам учрайдиган ва бошқа генетик касалликларга чалинган болаларга бепул дори воситалари, тиббий ашёлар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш жорий этилган, тўғрими? Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш кўламлари ҳам кўрсатиб берилган. Унинг сўзсиз, сифатли ижросини таъминлаш вазирлик ва бошқа ташкилотлар зиммасига юклатилган.
Иккинчидан, турли наслли касалликлар, ирсий-генетик касалликларнинг йўналишларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганиб бориши керак. Фақатгина ўша тўртта ёки бешта касалликларга нисбатан ўрганиш, тиббий реактивларни олиш билан чекланиш эмас, балки болаларда учраётган касалликларни эътиборга олиб, уни ўрганиш кўламини кенгайтириш керак.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жуда катта таҳлилий ўрганиш ишларини олиб бориши ва кейинги йилги бюджетда қандай қўшимча касалликларга қандай реактивлар кераклиги бўйича таклиф бериши керак.
Ижтимоий ҳимоя масаласи юқори сиёсат даражасига чиқди. Кечаги селектор мажлиси ҳаммани ўйлантириши керак. Бу фақатгина Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг иши эмас, бу ҳамманинг иши, бутун жамиятнинг иши. Давлат идоралари, ҳокимликлар – ҳар бир инсоннинг иши. Шунинг учун, бу масалаларга алоҳида эътибор қаратаётган эдимки, барчамиз қатъият билан ишлашимиз зарур.
Таклифларни тегишли ташкилотларга киритиб бориш керак. Агар қулоқ солишмаса, эшитишмаса, бизга мурожаат қилинг. Биз ҳам сизлар билан биргаликда шу масала бўйича шуғулланамиз. Зеро, бу юртимиз келажаги билан боғлиқ масала», деди Т.Норбоева.
Н.Абдураимова,
ЎзА