Сенат ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқиш жараёни қизғин муҳокамалар билан ўтди.

Сенат Раиси Т.Норбоева Президентимиз аҳоли томонидан 22 мингдан ортиқ муаммоли масалалар кўтарилгани ҳақида тўхталгани, бу муаммолар бюджетни шакллантиришда эътиборга олинганми, деган савол билан мурожаат қилди.

Бу саволга жавобан Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Президентимиз томонидан туман, шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадларини мустаҳкамлаш, солиқларни тўлиқ уларга ўтказиш бўйича кўрсатма берганини қайд этди.

– Шу билан бирга, бизга ҳам қўшимча топшириқлар бўлди, – деди Ж.Қўчқоров. – Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ставкаларни белгилаш вилоят кенгашларига ўтаяпти, мол-мулк, ер солиқлари бўйича пасайтирилувчи, оширилувчи коэффициентлар ваколатлари уларга берилган. Жойлардан жуда кўп саволлар келади. Лекин уларни Тошкентда йиғиб, ҳал қилишнинг имкони йўқ. Шунинг учун илтимос қилган бўлардикки, жойлардаги маҳаллий кенгашлар уларга берилаётган ваколатлардан ҳақиқатда фойдаланишса яхши бўлар эди. Мисол келтираман, якка тартибдаги тадбиркорлик бўйича бозорда савдо қилиш – озиқ-овқат сотиш ставкалари қандай? Масалан, кўз олдимизга Фарғона вилоятини келтирайлик, Фарғона шаҳрида якка тартибдаги тадбиркор озиқ-овқат маҳсулотларини сотадиган бўлса, ойига 600 минг сўм атрофида солиқ тўлайди. Ёнидаги Марғилон шаҳри Фарғона шаҳри бозоридан қолишмайди. Лекин, Марғилон шаҳри қолган шаҳар, туманлардаги каби миқдорда тўлайди. Мисол учун, Марғилон шаҳри билан Томдидаги якка тартибдаги тадбиркор бир хил солиқ тўлайди. Шунинг учун айтяпмизки, марказлашган тартибда бундай масалаларни ҳал қилиш доим камчиликларга олиб келади. Шу сабабли, Президентимиз топшириғига биноан диапазон қўйдик, яъни энг паст сумма ва энг юқори сумма. Вилоят депутатлари жойлардаги вазиятни биздан кўра яхшироқ билиши аниқ-ку. Шунинг учун Марғилонга қандай, Данғарага қандай ёки Бувайдага қандай солиқ ставкалари қўйиш кераклигини ўзлари белгиласин.

Т.Норбоева: Демак, маҳаллий кенгашларнинг бюджетни шакллантиришда ва назоратидаги фаоллигини кескин ошириш зарур. Яна қандай ёрдам керак, халқ вакиллари томонидан?

Ж.Қўчқоров: Маҳаллий кенгашлари шу ишда фаол иштирок этиб, бюджет даромадини ўзлари ўйлаб, ўзлари ҳал қилиши зарур. Мол-мулк, ер солиқларининг камайтирилувчи, оширилувчи коэффициентлари бор. Масалан, Самарқанд вилояти Булунғур туманида депутатлар кенгаши камайтирилувчи ёки оширилувчи коэффициент қўйиш ҳуқуқига эга. Шу ҳуқуқдан республика бўйича нечта кенгаш фойдаланди, деган саволга жавобан бу жуда кам, деб айта оламиз. Нима учун? Биринчидан, ошириб қўйса, маҳаллий бюджетга пул тушади. Арзимаган пулларни кимдандир сўрагандан кўра, жойида шу ишни ҳал қилса бўлади-ку? Мисол учун, ҳаммани йиғиб, тушунтиришнинг имкони бор-ку. “20 фоизга оширилган солиқни белгилайлик. Назоратга олайлик. Шу пулни фалон кўчага, фалон маҳаллага йўналтирайлик”, деб шу ишларни амалга ошириш керак. Президентимиз ҳам кўпинча жойлардаги кенгашларнинг фаолиятини жонлантириш зарурлигига эътибор қаратмоқда. Шу йўналишда бизга ёрдам бўлса, яхши бўлар эди.

Т.Норбоева: Айланмадан олинадиган солиқ юридик шахсларнинг мол-мулк, ер солиқлари тўлиқ миқдорида ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларининг камида 50 фоизи тегишли туман, шаҳарлар маҳаллий бюджетларига қолдирилиши белгиланмоқда. Шу билан бирга, келгуси йилда республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга трансфертлар учун 18,4 триллион сўм режалаштириляпти. Президентимиз яқинда мана шу залда ўтказган мажлисда қонунлар ижросини таъминлашда маҳаллий ҳокимлик кенгашининг имконият ресурслари қай даражада эканлигини инобатга олиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Шундан келиб чиқсак, келгуси йил бюджет параметрлари шакллантиришда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, имкониятлари эътиборга олинганми?

Ж.Қўчқоров: Тўғри, мол-мулк, ер солиғи тўлиқ маҳаллий бюджетга ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи 50 фоизи туман, шаҳар маҳаллий бюджетларига қолдириладиган бўлди.

Биринчидан, бу ҳамма учун бир хил шарт. Биз харажат йўналишларни ҳам, яъни туман, шаҳарлар учун бир хил қилиб белгилаб қўймоқдамиз. Яъни туманда ҳамма учун бир хил андозадаги шарт-шароитлар яратиляпти. Бунинг устига белгиланган харажат йўналишлари учун қайси бир туманда маблағ етмаётган бўлса, албатта, ҳудудга марказий бюджетдан ёрдам кўрсатилади.

Республикадан ёрдам оладиган 71 туман қолди. Шунинг учун бу табиий жараён. Биз ҳудудларни босқичма-босқич ривожлантириш чораларини кўриб бориб, ҳаммасини ўзини ўзи қоплайдиган тизимга келтирмоқчимиз.

Ўзини қоплаш, биринчидан, фундаментал нуқтаи назардан маҳаллий ҳокимлик нималар учун жавобгар ва унинг масъулияти нимадан иборат деган саволдан келиб чиқиб амалга оширилади. Шунинг учун ҳам стандарт харажатлар белгиланаяпти. Ҳамма учун бир хил даромадлар белгиланаяпти. Албатта, Юнусобод тумани билан Булунғур тумани даромадлари ҳақида гапириш қийин. Лекин харажатлар йўналишлари бир хил. Шунинг учун кимдир барибир, албатта, олдинроқда юради, кимдир тезроқ ривожланади. Лекин базавий нуқтаи назардан муаммолар, тафовутлар трансфертлар орқали қўллаб-қувватланади.

Т.Норбоева: Давлат раҳбари бошчилигида ҳар бир туман, керак бўлса, маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бор. Ҳаммаси секин-секин, босқичма-босқич номарказлаштиришга йўналтирилган. Бора-бора айтилган сон ҳам қисқариб бориш керак. Маҳаллий кенгаш депутатлари, кенгаш раислари, доимий комиссиялар жойларда иқтисодиёт, молия тизими билан биргаликда дастурларнинг бажарилишини таъминлаш, маблағларни самарали назорат қилишда иштирок этади. Нафақат назорат, балки кўмаклашиш масаласида биргаликда ишлашимиз керак.

Норгул Абдураимова,

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА