Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри Марказий Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб “Барқарор шаҳарлар ва жамоалар – шаҳар хизматлари ва ҳаёт сифати кўрсаткичлари” ISO стандарти бўйича халқаро сертификат олди. Бу ҳақда “Astana TV” хабар тарқатди.
Пойтахт ҳокимлигининг маълум қилишича, ушбу халқаро сертификат Остонанинг барқарор шаҳар ривожланиши соҳасида жаҳон етакчиларидан бири эканлигини тасдиқлайди.
Ҳужжат дунёдаги ягона сертификатлаш органи бўлган Жаҳон Урбан Дата Кенгаши томонидан имзоланган.
Остона иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва транспорт каби 19 та асосий йўналиш бўйича 128 кўрсаткич билан ҳар томонлама баҳоланди.
“Барқарор шаҳар” мақоми Остона учун туризмни ривожлантириш, халқаро инвестицияларни жалб қилиш, глобал ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда янги имкониятлар очиши мумкин.
Г.Сатторова, ЎзА