Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун ҳамда 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетнома муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида 2025 йил учун Давлат бюджетида ҳам харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолингани, Давлат бюджети харажатларининг асосий қисми ёки 52 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилгани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, 2025 йилда таълим ва фан соҳаси учун 86,3 триллион сўм (2024 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 17,8 фоиз кўп) ёки Давлат бюджети харажатларининг 25 фоизи миқдоридаги, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари учун 41,3 триллион сўм ёки 2024 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 19,8 фоизга ошган ҳолда маблағ режалаштирилмоқда.

Давлат тиббий суғуртаси механизмларининг Сирдарё ва Тошкент шаҳрида тўлиқ жорий этилишини якунлаган ҳолда уларни 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида татбиқ этиш кўзда тутилмоқда.

Сенаторлар 2025 йилги Давлат бюджети бажарилиши устидан маҳаллий кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари билан ҳамкорликда парламент назоратини амалга оширишга келишиб олди.

Мажлисда пальма ёғи ва унинг фракцияларидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланишни камайтириш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Таркибида гидрогенланган пальма ёғи мавжуд бўлган маҳсулотлар юрак қон-томир ва бошқа касалликларни келтириб чиқаришини кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизга пальма маҳсулотларининг импорти ошди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Малайзиянинг пальма маҳсулотларига қизиқиши 2023 йилда 2022 йилга нисбатан 60 фоизга ошган. Ташвишланарлиси, 2022 йилда Ўзбекистонга импорт қилинган 86 минг тонна пальма ёғидан 18 минг тоннаси гидрогенланган пальма ёғи ҳисобланади. Бу эса, мамлакатимизда пальма маҳсулотларига талаб ортиб бораётганидан далолат беради.

Шу боис, сенаторлар томонидан озиқ-овқат саноатида пальма ёғидан фойдаланишни тартибга солиш ва аҳолини сифатсиз ўсимлик ёғларини истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш зарурати мавжудлиги қайд этилиб, келгусида масъул вазирлик ва идоралардан бу борадаги таклифлар олиниши ва натижаси бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрланиши таъкидланди.

***

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида ҳам “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун атрофлича муҳокама қилинди.

Давлат бюджетини шакллантиришда Сенат ташаббуси билан киритилган таклифлар ҳам қайд этиб ўтилди. Хусусан, Сенат таклифлари асосида 200 лойиҳа учун 1,7 триллион сўм ажратилишига эришилган. Шундан 110 миллиард сўмлик лойиҳалар маданият ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш билан боғлиқ.

Мажлислар якунида муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА