Хитойнинг Уси шаҳридаги «World Taekwondo Center Stadium» мажмуасида таэквондо WТ бўйича катталар ўртасида ўтказилган «Катта дубулға» саралаш мусобақасининг сўнгги куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли якунланди.
Аниқроқ айтганда, мусобақанинг сўнгги кунида миллий терма жамоамизнинг тўрт нафар вакили — Омонжон Отажонов (58 кг), Жасурбек Жайсунов (80 кг), Мавлонбек Тўхтасинбоев (80 кг) ва Гулсанам Алижонова (+67 кг) баҳсларда қатнашди. Қувонарлиси, оғир вазн тоифасида иштирок этган «Париж-2024» XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Жасурбек Жайсунов турли босқичлардаги рақибларини мағлубиятга учратиб, мусобақа финалига етиб борди. Ҳал қилувчи жангда Жасурбек Хитой вакили Жао Жунбо билан тўқнаш келди ва ушбу беллашув 2:0 ҳисобида таэквондочимиз фойдасига якунланди.
Натижада, Жасурбек Жайсунов саралаш чемпиони сифатида «Катта дубулға» асосий турнирига йўлланма қўлга киритди.
Қайд этиш жоизки, мусобақанинг биринчи кунида Шуҳрат Салаев (+80 кг) кумуш медални қўлга киритиб, «Катта дубулға»нинг асосий босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА