2027 йил 1 сентябрга қадар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилиши мумкин.

Шунингдек, хорижда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни божхона тўловлари тўланганини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотувга қўйиш ҳамда чакана савдода реализация қилиш тақиқланиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган заргарлик саноатини янада ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамаcи давомида айтиб ўтилди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида айрим қонун ҳужжатларига заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларнинг қимматбаҳо металларга бўлган талабини қондириш, уларнинг ривожи учун қулай бизнес муҳитини яратиш ва қонунчиликда мавжуд бўлган бюрократик тўсиқларни либераллаштиришга қаратилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Хусусан, аффинаж корхоналарига (таркибида қимматбаҳо металл ва тошлар бўлган хом ашё билан ишлаш фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи корхоналар) қимматбаҳо металларни заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар учун қулай шакл ва миқдорларга келтирган ҳолда сотиш ҳамда қимматбаҳо металлардан сувенир тангалар тайёрлаш ва реализация қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутиляпти.

Шунингдек, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга ҳам ўзлари ясаган заргарлик буюмларининг хомаки маҳсулотларини бошқа ишлаб чиқарувчиларга реализация қилиш ҳуқуқи берилмоқда. Бундан ташқари, юридик ва жисмоний шахслардан қимматбаҳо металларни ва заргарлик буюмларини сотиб олиш фаолияти ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириши белгиланмоқда.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА