Жорий йилнинг 10 декабрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида қуролли можароли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг фаолиятига бағишланган юқори даражали брифинг ташкил этилди.
БМТ ҳузуридаги Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) доимий кузатувчиси Летисия Куртуа билан суҳбат:
Биз Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган можароли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни реинтеграция ва реабилитация қилиш бўйича Марказий Осиё минтақавий кенгаши фаолиятига бағишланган юқори даражадаги брифингни муваффақиятли якунладик. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон томонидан репатриация ва реабилитация бўйича амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатлар ҳақидаги маълумотларни ижобий баҳоладилар.
Биз Ўзбекистон томонидан қайтганларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, жумладан, Яқин Шарқдаги қуролли можаро зоналарида оғир руҳий жароҳатларни бошдан кечирган аёллар ва болаларга яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган ҳар томонлама ёрдамдан ҳайратдамиз.
Биз уларнинг қайтишини бошқалар учун «ноёб ва муваффақиятли намуна» қилиш учун уларга зарур эътибор ва ёрдам кўрсатишни давом эттиришга чақирамиз.
Маълумот учун: Брифинг СМТИ ва Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси томонидан БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази кўмагида ўтказилди.
Брифингда БМТ Бош котиби ўринбосари Владимир Воронков, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари Каҳа Имнадзе, БМТ Бош котиби ёрдамчиси Ҳалед Ҳиари, БМТ Аксилтеррор маркази директори Мауро Миэдико, БМТнинг терроризм бўйича собиқ махсус маърузачиси, Миннесота университети (АҚШ) профессори Фионнуала Ни Аолайн, БМТ ҳузуридаги Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг (ХҚХҚ) доимий кузатувчиси Летисия Куртуа, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари дипломатик миссиялари раҳбарлари сўзга чиқди.
ЎзА