Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди. Жумладан, дастлаб судлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Амалдаги тартибга кўра, Олий суд раисларининг ўринбосарлари – тегишли судлов ҳайъатлари раислари лавозимига аниқ йўналиш (маъмурий, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий) бўйича сайланиши белгиланган, – деди депутат Зулайҳо Акромова. – Олий суд судьяларига нисбатан эса аниқ йўналиш бўйича сайланиш тартиби жорий этилмаган. Бу эса судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этишга тўсқинлик қилиб, Олий суд раиси ўринбосарларини бир судлов йўналишидан бошқа бир судлов йўналишига ўтказиш (ротация қилиш) имконини бермайди. Шу муносабат билан қонун лойиҳасида “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига Олий суд таркибининг судлов ҳайъатлари раислари билан боғлиқ ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, одил судлов сифатини юксалтириш, раҳбар кадрларни муносиб судлов йўналишига ўтказиш (ротация қилиш) имкониятини яратиш, шунингдек, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузини кўтаришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА