Жорий йилнинг 10 декабрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида қуролли можароли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг фаолиятига бағишланган юқори даражали брифинг ташкил этилди.

БМТ Бош котиби ўринбосари – Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков:

— Бугунги тадбирда Ўзбекистон қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича ўз ёндашувларини тақдим этди.

Ўзбекистон ушбу мураккаб масалага эътиборни қаратиш бўйича БМТда етакчилик ролини ўз зиммасига олганидан жуда хурсандман. Мамлакатда ушбу муаммони ҳал этиш бўйича бой тажриба мавжуд, маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти жуда яхши йўлга қўйилган, одамларни нормал ҳаётга қайтаришда психологик жароҳатларни енгиб ўтишда оиланинг имкониятларидан фойдаланиш амалиёти яхши йўлга қўйилган.

Бу мавзу Ўзбекистон учун, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун жуда долзарб эканини тушунаман. Фуқаролар ҳам инсон ҳуқуқлари, ҳам инсоний ёндашув нуқтаи назаридан оғир вазиятга тушиб қолдилар, бу фуқароларни нормал ҳаётга қайтариш давлатнинг муҳим вазифаларидан биридир. Президент Шавкат Мирзиёев менга суҳбатлардан бирида айнан шу ҳақда гапириб, бу масала унинг устувор вазифаларидан эканини таъкидлади.

Яна бир муҳим жиҳатни таъкидламоқчиман. Бугунги йиғилиш Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Минтақавий экспертлар кенгаши доирасида реабилитация ва реинтеграция мавзусида биргаликда ишлашга тайёр эканликларини кўрсатди. Бундан ташқари, Кенгашда жуда тўғри амалиёт – раислик ўзгариши йўлга қўйилган. Келгуси йилда Қозоғистон Ўзбекистондан раисликни қабул қилади ва бу муҳим ишни давом эттиради.

Муҳим халқаро вазифани ҳал этишга бундай кўп томонлама, креатив, конструктив ёндашув учун Ўзбекистон Республикасини фақат табриклаб, ташаккур билдиришим мумкин.

Маълумот учун: Брифинг СМТИ ва Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси томонидан БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази кўмагида ўтказилди.

Брифингда БМТ Бош котиби ўринбосари Владимир Воронков, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари Каҳа Имнадзе, БМТ Бош котиби ёрдамчиси Ҳалед Ҳиари, БМТ Аксилтеррор маркази директори Мауро Миэдико, БМТнинг терроризм бўйича собиқ махсус маърузачиси, Миннесота университети (АҚШ) профессори Фионнуала Ни Аолайн, БМТ ҳузуридаги Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг (ХҚХҚ) доимий кузатувчиси Летисия Куртуа, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари дипломатик миссиялари раҳбарлари сўзга чиқди.

ЎзА