Одамни вақт ичра “йўқолиши”га сабаб бўлаётган, диний маърузадан тортиб, беҳаё контентларни-да ўз ичига олган платформа – кун мавзуси.

“ТикТок” – 2016 йил Хитойда “Доуйин” номи билан ишга туширилган, 2017 йил халқаро бозорга “ТикТок” бренди остида чиққан ижтимоий медиа тармоғи. Фойдаланувчиларга 15 сониядан 3 минутгача давом этадиган қисқа видео лавҳани яратиш ва баҳам кўриш имконини беради. Инновацион формати, одамларни жалб қилиш усуллари билан жуда тез оммавийлашиб, машҳурликка эришди. Афсуски, бугунги кунда ушбу платформанинг ижтимоий ножўя таъсири ва салбий жиҳатлари ҳам юзага чиққан.

Яратилиши ва мақсади

“ТикТок” дастлаб Хитойнинг “ByteDance” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Чжан Имин бошчилигидаги жамоа қисқа видео яратишга мўлжалланган янги платформа ишлаб чиқиш мақсадида шу ишга қўл урган. Асосий мақсад обуначиларга креативлик намоён этиш, мунтазам алоқада бўлиш ва кўнгил очар контент яратиш имконини бериш экани айтилади.

Ушбу лойиҳа асосида жойлашган алгоритм фойдаланувчилар қизиқишига мос контент таклиф қилади. Бу эса ўз навбатида платформа тезда оммалашишига сабаб бўлади. “ТикТок”нинг “дуэт”, “реакция” каби функциялари одамларни ўзаро мулоқотга ундайди.

Салбий жиҳатлар

Айни пайт “ТикТок” тезкор тарқалиши бир қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқарди.

Маълумот хавфсизлиги. Маълумот йиғилиши ва сақланиши фойдаланувчилар шахсий ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.

Қарамлик. Қисқа видео ёрдамида кишида вақтини беҳуда сарфлашга мойиллик пайдо бўлади. Кўпчилик ушбу тармоқ туфайли вақтини бошқаришга қийналмоқда, бу руҳиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Урф-одатлар емирилиши. Айрим материаллар ножўя ҳатти-ҳаракатни тарғиб қилмоқда. Натижада қадриятларга зиён етиб, ёшлар орасида нотўғри тушунчалар урчиб кетиши эҳтимоли ошяпти.

Вирус. Доимий равишда яратиладиган янги трендларнинг айримлари зарарли бўлиши ёки ноодатий ҳатти-ҳаракат келтириб чиқаради.

Хуллас, ижтимоий алоқанинг янги тури – “Тик-Ток”нинг салбий жиҳатлари ҳам бисёр. Платформа ёш авлод учун креативлик манбаи сифатида намоён бўлмоқда. Фақат муайян хавфдан доимий огоҳлик зарур. Фойдаланувчи ўз вақтини бошқариш ҳамда шахсий маълумотини ҳимоя қилиш масаласига жиддий ёндашиш лозим.

Биргина таҳлил орқали сарлавҳадаги саволга аниқ жавоб айтиш фикридан йироқмиз. Фақат ҳар қандай технология каби “Тик-Ток” ҳам тўғри фойдаланилгандагина ижобий натижа бериши мумкинлигини эслатмоқчимиз, холос.

Мусулмон Зиё, ЎзА