Қорақалпоқ тили байрами нишонланди
Нукус давлат педагогика институти Элликқалъа педагогика факультетида 1-декабрь – Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Элликқалъа тумани ҳокимининг Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси М.Шербаев, республика Маънавият ва Маърифат маркази Элликқалъа тумани бўлинмаси раҳбари A.Матниязова ва бошқалар сўнгги йилларда Президентимиз томонидан Қорақалпоқ тилини ривожлантириш ва унинг давлат тили сифатидаги нуфузини янада оширишга қаратилаётган эътибор ҳақида сўзлади.
Туман Маданият бўлими ва Нукус давлат педагогика институти Элликқалъа педагогика факультети томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар ва рақслар барчага байрамона шукуҳ бағишлади.
Китоблар тақдимоти
Қорақалпоғистон Республикаси ахборот кутубхона марказида янги нашрдан чиққан “Алпомиш” ва “Қўблон” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси халқ ёзувчиси, Бердақ номидаги давлат мукофоти лауреати М.Низанов, филология фанлари доктори, профессор A.Aлниязов ва бошқалар сўзга чиқиб, Қорақалпоқ халқ достонларининг қаҳрамонлик, мардлик, ватанпарварлик, турли элатлар ва халқларнинг биродарлиги, севги ва садоқат, оила мустаҳкамлиги ва уруғлар бирлигини куйловчи катта эпос ва халқимизнинг бой мероси ҳисобланган дурдона асарлар эканлигини таъкидлаб ўтди. Ушбу китобларни нашрга тайёрлаш, уларни чоп этишдан мақсад китобхонларга қулайлик яратиш, кейинги авлодга бой меросимизни, достонларимизни етказиш эканлиги айтилди.
Тадбир сўнггида янги китоблар кутубхона фондига совға этилди.
Бухоро буғуси ўлдирилди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги Қуйи Aмударё давлат биосфера резервати ҳудудида уч бош Бухоро буғуси овланганлиги аниқланди.
Ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани Ички ишлар бўлими томонидан ўрганиш давомида битта эркак ва иккита урғочи буғу ов милтиғи билан ўлдирилганлиги маълум бўлди. Ҳодиса жойи кўздан кечирилганида резерватнинг захира ерларидан иккита ов милтиғи ўқ дорисининг пластик бўлаклари, қонга ўхшаш қизил доғлар ва ов милтиғи топилди. Ов милтиғи ашёвий далил сифатида олинди. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Бухоро буғулари ўлдирилиши натижасида ҳайвонот дунёсига жами 3 миллиард 375 миллион сўмлик моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан фуқаро М.К. Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир етганликда гумон қилиниб, қўлга олинди. Ҳозирда, Беруний тумани Ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, текширув ишлари олиб борилмоқда.
Доривор ўсимликлар етиштирилмоқда
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги Қўнғирот давлат ўрмон-ов хўжалигида БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда доривор ўсимликларни етиштириш бўйича семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбирда япониялик мутахассислар туманда 20 дан зиёд оила учун ноёб, доривор цистанхе ўсимлигини етиштириш бўйича тренинглар ўтказилди. Цистанхе бошқа экинлар илдизидан озиқланадиган ёввойи ўт ҳисобланиб, чўл ва ярим чўлларда учрайдиган ўзига хос доривор хусусиятга эга. Иштирокчилар ушбу доривор ўсимликни экиш ва етиштириш усуллари бўйича кўникмаларга эга бўлди.
Бундай тренинглар нафақат доривор ўсимликларни етиштиришни ўрганиш, балки Оролбўйи минтақаси аҳолиси бандлигини таъминлаш имкониятини ҳам яратади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири