Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 1 декабрь – Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Дастлаб, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари – янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Н.Холбўтаев  сўзга чиқиб, йиғилганларни 1 декабрь – “Давлат тили ҳақида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлигининг 35 йиллик байрами билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, ҳар бир халқнинг ўзига хос хусусиятини, тараққиёти ва келажагини белгилашда она тилининг ўрни алоҳида саналади. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда давлат тилини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида она тилимизнинг нуфузи ва қадр-қиммати йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Жумладан, сўнгги йилларда бу борада қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, Вазирлар Кенгаши ҳузурида Қорақалпоқ тилини ривожлантириш департаменти ва Қорақалпоқ тилини ривожлантириш жамғармаси фаолият олиб бораётгани, қардош халқлар ва жаҳон адабиётининг сайланма асарлари қорақалпоқ тилига таржима қилинаётгани, қорақалпоқ тилида аудио-китобларнинг чиқарила бошлангани, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида қорақалпоқ тилидан кенг фойдаланилгани буларнинг барчаси давлат тилини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарасидир.

Она тилимизни ёшларимизга чуқур ўргатиш ва бундай муваффақиятли вазифани амалга оширадиган олий маълумотли кадрларни тайёрлаш бугунги куннинг муҳим йўналишларидан саналади. Ҳозирги вақтда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида қорақалпоқ тили мутахассислигида минг нафардан зиёд ёшлар таълим олаётган бўлса, умумтаълим мактабларида ўқувчиларга 1 минг 800 нафарга яқин қорақалпоқ тили фани ўқитувчиси дарс бермоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, келгуси йилдан бошлаб миллий сертификатга эга бўлган қорақалпоқ тили фани ўқитувчиларининг иш ҳақига тўланадиган қўшимча устамалар миқдорини сезиларли даражада ошириш белгиланмоқда. Aлбатта, бу ўқитувчи-мураббийларни қўллаб-қувватлашда алоҳида ўрин тутади.

Шулар билан бирга, ўтган қисқа давр мобайнида “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати”нинг 7 жилдлиги 7 минг нусхада, оғзаки адабиётимизнинг сара намуналари бўлган “Қорақалпоқ фолклори”нинг 101-106-жилдлари минг нусхада, лингвистик ва психологик терминларнинг изоҳли луғати 1 минг 500 нусхада чоп этилганлиги қорақалпоқ адабий тилининг янада бойишига ва миллий маданий меросимизни қайта тиклашга беқиёс ҳисса қўшади.

Қолаверса, бугунги кунда “Қорақалпоғистоннинг географик номлар энциклопедик луғати” нашрдан чиқиш арафасида турган бўлса, “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати”нинг кўп жилдлигини лотин алифбосида нашр этиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, байрам арафасида жаҳон адабиётининг сараланган намунаси, дунёда энг кўп, яъни 140 миллион нусхада сотилган Антуан де Сент-Экзюперининг  “Кичкина шаҳзода” асарининг қорақалпоқ тилида 2 минг нусхада чоп этилгани китобхонларга ҳақиқий байрам совғаси бўлди. Шуни алоҳида фахр билан айтиш жоиз, яқиндагина Турк академияси томонидан чоп этилган Туркий тилларнинг тил билими, иқтисодий ва ҳарбий терминлари луғатларида қорақалпоқ тилининг ҳам ўрин олганлиги бу йўлдаги яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди, десак, муболаға  бўлмайди.

Қолаверса, бу йил қорақалпоқ адабий тилининг шаклланиши ва ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган буюк мумтоз шоир Aжиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллиги юртимизда ва халқаро миқёсда кенг нишонланаётгани ижодкорларга ғурур ва ифтихор туйғусини бағишлайди.  Aлбатта, буларнинг барчаси она тилимизни машаққат билан ривожлантириш ва кенг тарғиб қилиш йўлидаги муваффақиятли ишлардан саналади.

Шу билан бирга, бугунги замон талабидан келиб чиқиб, қорақалпоқ тилини рақамлаштириш бўйича ҳам бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қорақалпоқ тилидаги аудиокитоблар платформаси ва мобиль иловаси яратилганлиги, жаҳон адабиёти, ўзбек ва қорақалпоқ адабиётининг юзга яқин энг машҳур асарининг аудио варианти тайёрланганлиги, қолаверса, Тошкент шаҳрида Қорақалпоқ тилига давлат тили ҳуқуқи берилганининг 35 йиллигига бағишланган илмий-назарий конференция ташкил этилгани ҳар бир юртдошимизда алоҳида ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотмоқда.

Ҳозирги глобаллашув ва ахборот асрида она тилимизни соф сақлаш ва уни келажак авлодга безавол етказиш барчамизнинг энг эзгу мақсадларимиздан биридир. Aлбатта, буни фақат устоз-мураббийларгина эмас, балки шу юртда яшаб турган ҳар биримизнинг Ватан олдидаги бурчимиз, деб ҳис этишимиз керак.

Тантанали тадбир иштирокчиларига санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури ҳам намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА