Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллигига бағишланган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар йиғилганларни байрам билан муборакбод этиб, Қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги мақоми миллат учун катта аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, халқимизнинг ўзлигини англашида, миллий қадриятлар ва меросимизни асраш, уни келажак авлодларга етказиш йўлидаги муҳим қадам бўлганлиги қайд этилди. Талаба-ёшлар билан биргаликда Қорақалпоқ тилининг аҳамияти, унинг замонавий шароитдаги ривожланиш йўналишлари ва истиқболлари ҳақида қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида иқтидорли ёшлар улуғ адибларнинг Она тилимизга бағишланган асарларидан парчалар келтиришди ва куй-қўшиқлар ижро этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири