Нукус шаҳридаги “Теле марказ” маҳалла фуқаролар йиғинида “Long Water” корхонаси томонидан тозаланган ичимлик суви ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни янги корхонанинг ишга туширилиши билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳудудда тадбиркорликни янада ривожлантириш, инвестицион жозибадорликни оширишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Хитойлик инвесторлар томонидан умумий қиймати 1 миллион 200 минг долларлик тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ҳисобига янгидан ишга туширилган корхонада “Чилпиқ” бренди билан тозаланган ичимлик суви ишлаб чиқарилмоқда.

Корхона йилига 5,7 минг тонна тозаланган ичимлик суви ишлаб чиқариш қувватига эга. Ускуналар Хитой давлатидан келтирилиб ўрнатилган бўлиб, 29 та доимий иш ўрни яратилди. Албатта, бундай янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши янги иш ўринлари яратилишига ва мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири