Тошкентдаги “U-Enter” инновация марказида бўлиб ўтган Марказий Осиё стартап форумида Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Польша, АҚШ, Малайзия, Туркия, Швейцария, Буюк Британия каби 20 дан зиёд давлатдан муваффақиятли стартаплар, венчур фондлари, акселераторлар, университетлар, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Анжуман минтақавий ва халқаро миқёсдаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни рағбатлантириш билан бирга билим, тажриба, илғор амалиёт алмашиш учун ўзига хос платформага айланди.

Дастлабки сессияда минтақамиз стартап экотизимини ривожлантиришнинг ўзига хос хусусияти, мавжуд муаммолар, жумладан лойиҳаларни молиялаштириш имконияти, инновацияни қўллаб-қувватлаш зарурати ва давлат дастурларининг аҳамияти муҳокама қилинди. Кейинги давра суҳбати стартап-индустриядаги глобал тенденцияларнинг Марказий Осиёга таъсири муҳокама қилинди. Етакчи иштирокчилар ва технология компаниялари спикерлари, жумладан “Plug and Play”, “Samsung SDS”, “Maverick Nation” ва “Gobi Partners”, шунингдек БMT TД, БMT ЕИК, KOICA, USAID каби халқаро тузилмалар вакиллари дунёдаги сўнгги ютуқлар ва амалиёт қандай қилиб минтақада стартап экотизими ривожини тезлаштириши мумкинлиги хусусидаги қарашлари билан ўртоқлашди.

Иштирокчиларга Марказий Осиё стартаплари ва инвесторларида алоҳида қизиқиш уйғотадиган, чуқурроқ ихтисослашган мавзулар билан танишиш имкони берилди. Мунозаралар маблағ жалб қилиш, кўламни оширишга қаратилган инновацион стратегияга эътибор қаратган ҳолда, молиявий технология ва венчур молиялаштириш, бизнес жараёнини мувофиқлаштириш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш, университетларнинг стартап экотизими драйвери сифатидаги роли каби мавзуларни қамраб олди. Шунингдек, аёллар учун имкониятни кенгайтириш ва тўсиқларни бартараф этиш йўллари ҳам таҳлил қилинди.

Ҳал қилувчи “Startup Battle” тадбирида Марказий Осиёнинг беш давлати томонидан 10 та намунали стартап-лойиҳа тақдим қилинди.

Марказий Осиё стартап форуми минтақанинг интеграция сари фаол интилишини намоён этган ҳолда, муваффақиятли стартап экотизими яратиш ҳамда тадбиркорларнинг кейинги авлодини қўллаб-қувватлашда ҳамкорлик қилиш муҳимлигини тасдиқлади.

Дарвоқе, Стартап – бозор ёки бизнесни сезиларли даражада ўзгартириши мумкин бўлган ноёб ғоя ёки маҳсулотни ишлаб чиқиш учун яратилган бошланғич компания. Одатда, бундай корхоналар тез ўсиш, нисбатан қисқа вақт ичида салмоқли натижа кўрсатишга интилади.

Стартапнинг асосий мақсади – янгилик таклиф қилиш: бу технология, илова, сервис ёки ҳатто, мавжуд нарсага янгича ёндашув бўлиши мумкин. Янги бизнесдан фарқли ўлароқ, стартап дарҳол улкан мақсадга интилади ва кўпинча бизнесдаги улуш эвазига молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган сармоядорларни қидиради.

Муҳаррама Пирматова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА