Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини кузатиш миссияси вакиллари Тошкентда ўз ишини якунлади.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Уэйк Дуглас Брюс, унинг ўринбосари Иоанну Димитра, сайловлар бўйича таҳлилчи Тейлор Крис Жон иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Маълумки, ушбу миссия асосий гуруҳ таркибидаги 17 эксперт ва республика бўйлаб сафарда бўлган 26 нафар узоқ муддатли кузатувчидан иборат эди.

Сайлов куни 33 давлатдан 322 кузатувчи, жумладан ДИИҲБнинг 223 нафар узоқ ва қисқа муддатли кузатувчиси ҳамда ЕХҲТ Парламент ассамблеясидан 56 делегат жараёнга жалб этилди.

ЕХҲТ қисқа муддатли миссиясига махсус мувофиқлаштирувчи ва етакчи А.Гулиев бошчилик қилди. Д.Уэйк раҳбарлигидаги ДИИҲБ вакиллари мамлакатимизда жорий йил 23 сентябрь куни иш бошлаган эди.

Кузатув давомида сайловга тайёргарлик кўриш ва ушбу муҳим сиёсий тадбирни ўтказишда ЕХҲТ мажбурияти, демократик сайлов билан боғлиқ бошқа халқаро стандартлар, шунингдек миллий сайлов қонун ҳужжатлари қоидаларига мослиги нуқтаи назаридан мониторинг олиб борилди.

Учрашувда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови юзасидан миссиянинг дастлабки натижа ва хулосалар тўғрисидаги баёноти” тақдим этилди.

Ўз навбатида, миссия раҳбари Д.Уэйк учрашув учун самимий миннатдорлик билдираркан, сўнгги йилларда ЕХҲТ ДИИҲБ ва Ўзбекистон ўртасида сайлов соҳасида қарор топган ва тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик замонавий тенденцияларга мос илғор тажрибани жорий этишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

– Миссиямиз сўнгида яна бир учрашув ўтказилиши ҳар икки томон учун фойдали, – деди миссия раҳбари. – МСК аъзоларининг сайлов қандай ўтгани тўғрисидаги фикри ва таҳлилларини тингладик. Шу билан бирга, биз ҳам хулосаларимиз билан бўлишдик. Мулоқотда ижобий тенденциялар, яъни сайловга юқори даражада тайёргарлик кўрилгани, инновацион технологиялар самарали қўллангани сингари эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар муҳокама қилинди. ЕХҲТ ДИИҲБ Ўзбекистон билан изчил ҳамкорлик қилиб келади ва овоз бериш жараёнини янада такомиллаштиришда ушбу алоқалар муҳим ўрин тутишига ишонамиз.

Бир нарсани алоҳида таъкидлашим керак, нафақат марказий сайлов комиссияси, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб минглаб сайлов участкалари аъзолари, мамлакат фуқаролари ушбу муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этди.

Мулоқот чоғида МСК раиси хорижлик ҳамкорларга мониторинг ва кузатув жараёнида олиб борган фаолияти учун миннатдорлик билдирди. Келгусида улар томонидан берилган тавсия ва таклифлар сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда инобатга олинишини таъкидлади.

Суҳбат давомида томонлар МСК ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасида самарали ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашди.

Қайд этиш жоиз, кегусида ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси томонидан сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги амалиётни, тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф, тавсияларни ўз ичига олган якуний ҳисобот тайёрланади.

Мусулмон Зиё, ЎзА