Прокуратура органларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8 июлдаги фармони билан халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда.
Бош прокурор ўринбосари – Департамент бошлиғи Шамсиддин Соҳибназаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Республикаси Шуша шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар молиявий разведка бўлинмаларининг форумида иштирок этди.
Мазкур халқаро тадбирда 7 давлатдан (Венгрия, Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси) ташриф буюрган молиявий разведка бўлинмалари ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Форумда иштирокчилар томонидан жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда молиявий разведка бўлинмалари фаолиятига илғор технологиялар ва инновацион ечимларни татбиқ қилиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда ўзаро тажриба алмашилди.
Бундан ташқари, форум доирасида Ўзбекистон делегациясининг Озарбайжон Республикаси Молиявий мониторинг хизмати раиси Заур Фатизада билан икки томонлама учрашув ташкил этилиб, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида англашув меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон делегациясининг ушбу форумдаги иштироки кўп томонлама идоралараро ҳамкорликнинг янада ривожланиши ҳамда илғор тажриба алмашишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА