Бугун иқтисодиётнинг жадал суръатларда ўсишида соғлом рақобат муҳитининг ўрни бор. Айниқса, тадбиркор учун рақобат муҳити ё уни ривожлантиради ёки аксинча. Албатта, бунда энг катта майдон – бу бозор. Бозорнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор.
Кимдир у ерда ўз маҳсулотини сотиш, кўпроқ харидорга эга бўлиш, бошқа тадбиркорларни у ерга йўлатмаслик учун тиш-тирноғи билан курашади. Шу ўринда тадбиркорларни қизиқтирган бир савол туғилади. Яъни, катта компаниялар кичик компанияларнинг бозорга чиқишига тўсқинлик қила оладими?
—Йўқ. Бу қонунга зид. “Рақобат тўғрисида”ги қонунда йирик компаниялар кичик компанияларни бозорга кириши ёки тенг шароитларда рақобатлашишига тўсқинлик қила олмайди. Масалан, товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни қўллаш каби ҳаракатлар бозорда устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳисобланади, — дейди Рақобат қўмитаси бошқарма бош мутахассиси Азизбек Оразмамедов.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова тайёрлади