Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 24 майдаги “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳи томонидан Сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
– Давлат бошқаруви академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги мутахассисларидан иборат юқори малакали экспертлар сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш ишларига жалб этилди, – дейди Давлат бошқаруви академияси масъул ходими Маъруф Жумаев. – Мазкур ишларнинг биринчи босқичи 12-14 август кунлари академияда ташкил этилиб, унда етакчи олий таълим даргоҳлари профессор-ўқитувчилари орасидан шакллантирилган 104 нафар тренерлар учун сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув ва амалий машғулотлар ўтказилди.
Бу босқичда пропорционал ва мажоритар сайлов тизимлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари ва бир-биридан фарқли жиҳатлари, аралаш сайлов тизимининг ўзига хос хусусиятлари каби мавзуларда семинарлар ўтказилди. Тингловчилар уч кун мобайнида сайлов қонунчилигидаги янгиликлардан тортиб, участка сайлов комиссиялари жойлашган бино ва хоналарни жиҳозлаш, сайлов бюллетенларини олиш, расмийлаштириш ва сақлаш тартиблари, муддатидан олдин овоз беришни сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда ташкил этиш каби муҳим жиҳатларни амалий машғулотлар орқали батафсил ўрганди.
Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этишга доир ишларнинг иккинчи босқичида 944 нафар ҳудудий тренерлар учун ҳам шундай ўқув ва амалий машғулотлар олиб борилди. Участка сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий жиҳатлари билан бир қаторда сайлов кунида қонун бузилишига йўл қўйган комиссия аъзоларига нисбатан жавобгарлик чоралари ҳам тушунтирилди.
Махсус дастур доирасида участка сайлов комиссиясининг сайлов жараёни бошқа иштирокчилари (ОАВ, кузатувчилар, жамоат тартибини сақлашга масъул идоралар вакиллари) билан муносабатлари каби жиҳатлар ҳам эътибордан четда қолмади.
Ўқув режасининг учинчи босқичида республика тренерлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида 624 нафар туман (шаҳар) сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблари учун ўқув-амалий машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, республика тренерлари томонидан 2 минг 520 нафар округ сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблари учун ўқув ва амалий машғулотлар ўтказилди.
Мазкур босқичда ҳудудий тренерларни сайлов жараёнларига тайёрлашда назарий билим бериш билан бир бирга, амалий дарслар ҳам олиб борилди. Намунали сайлов участкаси, сайлов бюллетенлари, овоз бериш қутилари, овоз бериш кабиналари ўрнатилгани, сайлов участкаси раиси, ўринбосари, котиби хоналари тасдиқланган низомга мослигини кўздан кечириш ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича кўникмалар шакллантирилди.
Жорий йилнинг 5 – 26 сентябрь кунлари ҳам республика тренерларининг назорати остида ҳудудий тренерлар томонидан республиканинг барча туман, шаҳарларида 33 минг нафардан зиёд участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар учун назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилди.
Айни пайтда эса ҳар бир сайлов участкасининг ўзида, қолган участка сайлов комиссияси аъзолари (жами 110 минг нафар) учун амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, “Saylov-24” мобиль иловаси яратилиб, унга барча ўқув материаллари жойлаштирилган. Участка сайлов комиссиясининг барча аъзолари учун ушбу мобиль иловадан фойдаланиш имконияти яратилган. Шунингдек, мазкур ўқув материаллари ўзбек ва қорақалпоқ тилларида чоп этилиб, етказиб берилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА