Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши муносабати билан кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга доир чоралар даражасини ошириш зарурати юзага келди.
Шу мақсадда 2024 йил 20 сентябрдаги “Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
– Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, банклар билан боғлиқ қатор қонунларга ҳамда “Электрон ҳукумат тўғрисида”, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, – деди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов. – Қонун асосида “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги қонунга кредит ташкилотларининг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржаларининг ва кредит бюроларининг фаолиятида киберхавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ тегишли қўшимчалар киритилди.
Марказий банкнинг ваколатлари кенгайтирилди. Эндиликда мазкур тузилма микромолия ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари, шунингдек, банклар, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари ҳамда кредит бюроларининг фаолиятида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликка таҳдидларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.
Улар томонидан ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликка таҳдидларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича йиллик чора-тадбирлар режаларининг ижроси устидан назоратни амалга оширади.
Мазкур тузилмалар фаолиятида аниқланган киберхавфсизликка оид ҳодисалар ҳамда таҳдидлар тўғрисида Марказий банк билан тезкор ахборот алмашиш тартибини белгилаш каби ваколатлар берилди.
Қонун билан Марказий банкнинг вазифалари ҳам кенгайтирилди. Унга кўра, киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда кредит ташкилотларининг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржаларининг ва кредит бюроларининг муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини аниқлаш, уларнинг реестрини шакллантириш ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларни ишлаб чиқади.
Киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибга мувофиқ тегишли объектларнинг киберхавфсизлик талабларига мослиги юзасидан экспертиза ўтказиш ҳамда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни аудитдан ўтказиш вазифалари ҳам Марказий банкка юклатилди.
Қонун билан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, банк ва банклар гуруҳининг ички назоратига ҳамда таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир Марказий банк талаблари жумласига киберхавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ талаблар ҳам киритилди.
Банк ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларини бузганлик “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунда қўпол қоидабузарлик, деб белгиланди.
“Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унда банкларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш каби қўшимча мақсадлар қайд этилди.
“Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунга ҳам қўшимчалар киритилди. Жумладан, қонунда “Электрон ҳукумат” тизимидаги ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш белгиланди.
Электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган ваколатлари доирасига киберхавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш киритилди.
Қонун билан “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга асосан тўлов хизматларини етказиб берувчи тўлов хизматларини кўрсатишда тўлов тизимининг узлуксиз ишлашига таъсир кўрсатувчи қоидабузарликларни Марказий банкнинг биринчи кўрсатмаси юборилган кундан эътиборан уч ой мобайнида бартараф этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга таъсир кўрсатувчи қоидабузарликларни Марказий банкнинг биринчи кўрсатмаси юборилган кундан эътиборан уч ой мобайнида бартараф этиши белгиланди.
Кўрсатма юборилган кундан эътиборан уч ой мобайнида тўлов тизимининг оператори томонидан бартараф этилмаган тақдирда Марказий банк тўлов тизими оператори лицензиясини чақириб олишга ҳақлилиги белгиланди.
“Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, агар нобанк кредит ташкилотлари ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга доир талаблар бажарилмаган ҳолда Марказий банк томонидан уларга нисбатан чоралар ва санкциялар қўлланилади.
Мазкур қонун жорий йил 22 декабрда кучга киради. Қонун кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ҳамда электрон ҳукумат тизимида ахборот хавфсизлигини кучайтиришга ва киберхавфсизликни таъминлашга, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА