Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, ўқув юрти маъмурияти ташаббуси билан талабани ўқишдан четлаштириш талабалар касаба уюшмаси фикри асосида амалга оширилади.
Қайси ҳолларда талаба талабалар сафидан четлаштирилиши мумкинлиги юзасидан саволга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев жавоб берди.
–Талабалар қуйидаги ҳолатларда ўқишдан четлаштирилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 393-сон қарори 3-иловаси билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, ўз хоҳиши билан, ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан, ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани учун бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдиргани сабабли талаба талабалик сафидан четлаштирилиши мумкин.
Шунингдек, ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмагани сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун), талаба озодликдан суд томонидан маҳрум этилгани муносабати билан, суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузгани аниқланган каби холатларда ҳам талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди.
Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида ҳамда оиласининг бетоб аъзосини, жумладан, отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзандини парвариш қилиш учун талабага Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда академик таътил берилиши мумкин.
Гулноза Бобоева, ЎзА