Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида муҳим лойиҳалар, таълим ва тиббиёт масканлари, инфратузилма иншоотлари фойдаланишга топширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни пойтахтимиздаги шундай бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Давлатимиз раҳбари 2021 йилда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг эски биносини бориб кўрган, соҳада шароитларни яхшилаш бўйича топшириқлар берган эди. Кўп ўтмай, “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Соҳада даволаш самарадорлигини ошириш учун кўп ишлар қилинмоқда. Хусусан, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази алоҳида муассаса сифатида ажратилди. Онкологик шифохоналар учун қўшимча 22 та нур терапияси ускунаси олиб келинди. Кимё терапияси воситаларига ажратилаётган маблағ 11 баробар оширилиб, 13 миллион долларга етди. 250 га яқин янги текшириш ва даволаш усуллари вилоят ва туман даражасига туширилди.

Президент қарорида Республика онкология маркази учун янги мажмуа қурилиши ҳам белгиланган эди. Унинг лойиҳаси Жанубий Кореянинг шу соҳадаги клиникалари тажрибаси асосида ишлаб чиқилди. Уч йил давомида пухта иш олиб борилиб, Тошкент тиббиёт академияси ёнидаги 5 гектардан зиёд майдонда замонавий шифохона барпо этилди.

Янги мажмуа 9 та иншоотдан иборат бўлиб, асосий бинолар 8 қаватли. Уларда шифокор ва беморлар учун керакли шароитлар инобатга олинган. Биринчи қаватда поликлиника ва ташхис ускуналари, иккинчи қаватда лаборатория, стационар, реанимация ва жарроҳлик хоналари, юқори қаватларда палаталар жойлашган. Ерости қисмида радиотерапия, ядро тиббиёти бўлими, хўжалик хоналари бор.

Аввалги шифохона 370 ўринли эди. Янги марказда 650 та стационар ва 80 та кундузги ўринлар ташкил этилди. Шунингдек, бир кунда 500 нафар бемор амбулатор шароитда даволаниши мумкин.

Давлатимиз раҳбари марказдаги қулайлик ва имкониятлар билан танишди.

 Биз таълим ва тиббиётга алоҳида эътибор бераяпмиз. Чунки одамлар билимли бўлиб, соғлом бўлса, ўз йўлини топади. Бу марказ ҳам шундай ишлардан бири. Бу лойиҳага 1,2 триллион сўм ажратиб, «нолдан» қурдик. Барча онкология шифохоналарини жиҳозлашга 80 миллион доллар йўналтирилди. Эндиги асосий вазифа – ходимларни ўқитиб олиш, самарали бошқарувни йўлга қўйиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Марказда Европа ва АҚШ стандартлари асосида ташкил этилган 17 та янги клиник бўлим, 18 та жарроҳлик хонаси, 42 та реанимация ва интенсив терапия хоналари ташкил этилган. Улар  жаҳон тиббиётида қўлланилаётган энг сўнгги техникалар билан жиҳозланди.

Масалан, Siemens компаниясининг MAGNETOM Altea русумли магнитли томографи сунъий интеллектдан фойдаланиб, иш жараёнини автоматлаштиради. Fuji компаниясининг Senaria компьютер томографи кам дозали нурланиш ва юқори сифатли тасвир билан бехато ташхис қўяди. Шунингдек, 128 ва 256 ўлчамли мультиспирал томографлар жуда юпқа кесимларда энг кичик ўсмаларни ҳам аниқлаш имконини беради. Булар аввал қўлланилганидан 8-16 баробар кучли.

Бундай замонавий техникаларни ишлатиш учун юзга яқин мутахассис 8 та хорижий давлатда малака ошириб қайтди. Юртимиз бўйлаб 1 минг 200 нафар онколог чет элда ўқитилади.

Жарроҳлик бўлимида йилига 6 мингта юқори технологик амалиётлар ўтказиш имконияти бор. Жумладан, жуда долзарб бўлган суяк кўмиги трансплантацияси йўлга қўйилади. Янги ускуналар ёрдамида кўз, ҳалқум ва қизилўнгач қисми ўсмаларини кесмасдан олиб ташлаш мумкин. Қовуқ ўсмалари кам инвазив усулда бартараф этилади. Буларнинг самарасида беморлар тезроқ тузалиб, 3-5 кунда уйига қайтиши мумкин.

Интенсив терапия бўлимида ҳар бир ётоқ ўрни юрак мониторлари, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари ва бошқа замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Нур билан даволаш учун илк бор ядровий тиббиёт бўлими ишга туширилмоқда. У 9 та бункердан иборат бўлиб, бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқаларига ўтказилиши натижасида муолажа узлуксизлиги таъминланади. Чизиқли тезлаткичларда нур билан даволашнинг VMAT, SMAT каби янги усуллари татбиқ қилинади.

Амбулатор кимё терапия 72 нафар беморга мўлжалланган. Янги инфузомат ускуналари олиб келингани натижасида бу даво осонлашади ва тезлашади.

Президент марказда иш жараёнини рақамлаштириш, беморларга қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

– Энг асосий топшириқ – рақамлаштириш. Одамлар сарсон бўлмасин, навбатда туриб қийналмасин. Бу марказ фақат Тошкент учун эмас, уни ҳудудлардаги 15 та шифохона билан шундай боғлаш керакки, беморлар ўзининг келиш вақтини, докторини олдиндан билсин. Бунинг учун сунъий интеллектни кенгайтириб, инсон омилини камайтириш керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Марказ ўзининг ҳудудлардаги филиаллари билан ягона электрон платформага уланади ва республикада “канцер-регистр” тизими ишга туширилади. Бунинг натижасида назоратда турган барча онкологик беморлар ҳақидаги маълумотлар яхлит кўриниб туради.

Шу ерда Dmed ягона тиббиёт тизими ҳақида ҳам ахборот берилди. У шу йил якунигача Тошкентда тўлиқ ишга туширилади. Кейинчалик бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий этилади.

Онкология марказида илм ва амалиёт уйғунлигига катта эътибор қаратилади. Позитрон эмиссион ва ягона фотонли эмиссион компьютер томографиясини қўллаш бўйича илмий изланишлар олиб борилади. Ўсмаларнинг молекуляр-генетик диагностикаси асосида тадқиқотлар олиб борилиб, персоналлаштирилган таргет ва иммунотерапия даво усуллари клиник амалиётга татбиқ этилади.

Умуман, янги ускуналар ва шароитлар натижасида марказда ўсма касалликларини эрта аниқлаш ҳамда даволаш самарадорлиги бир неча баробар ошади. Пировардида, ўлим ҳолатларини камайтириш, инсонларни соғайтириб, умрини узайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу тиббиёт туризмига ҳам манба бўлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Жамоат хавфсизлиги университетини бориб кўрди.

Мамлакатимизда қўмондонлик ва техник кадрлар тайёрлайдиган, бир неча ўқув муассасаларини бирлаштирган кўп босқичли ҳарбий таълим тизими яратилган. Жамоат хавфсизлиги университети шулардан бири.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 апрелдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қайта ташкил топган ушбу маскан малакали кадрларни мақсадли тайёрлайдиган олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Ўқув юртининг асосий вазифаси чуқур ўқитиш, жанговар ва жисмоний тайёргарликни ошириш орқали жамоат хавфсизлигини самарали ташкил этишга қодир малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборат.

Бунинг учун Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия учун тегишли равишда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва паспорт тизими йўналишлари бўйича, Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун эса ҳарбий дипломатия, юриспруденция, иқтисодиёт, муҳандислик-техник, тарбиявий-психологик ва қўмондонлик-тактик фаолият соҳаларида замонавий таълим берилади.

Университетга 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб талабалар қабул қилина бошлаган. Бакалавриатда 15, магистратурада 8 йўналиш бор. Бугунги кунда бакалавриатда мингдан ортиқ курсант, махсус йўналиш, сиртқи таълим ва магистратурада яна шунча ёшлар таҳсил оляпти. Уларга жами 209 нафар ўқитувчи, профессор ва фан докторлари сабоқ бермоқда.

Ўқув тизимининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, бу ерда умумфуқаровий асосда ўқишга рухсат берилган бўлиб, бугунги кунда юриспруденция, иқтисодиёт ва психология таълим йўналишлари бўйича талабалар таҳсил олишмоқда. Университет битирувчилари Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўлинмаларида самарали хизмат қилмоқда. Шунингдек, ўз қўриқлаш тузилмасига эга давлат ва хўжалик органлари учун шу бўйича мутахассислар тайёрланади.

Сўнгги йилларда университетнинг ўқув бинолари капитал таъмирланиб, барча шароит яратилди. Спорт мажмуаси ва ўқув-услубий ситуацион маркази янгидан қурилди. Ҳар бири 300 ўринга мўлжалланган 6 та ётоқхона замонавий ҳолатга келтирилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу шароитларни кўздан кечирди.

Ўқув хоналари кенг ва ёруғ, замонавий техникалар билан таъминланган. Ахборот-ресурс марказида 90 мингдан зиёд адабиёт ва ўқув қўлланмаси, 10 мингдан ортиқ электрон адабиёт мавжуд. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва олий таълим муассасаларининг ягона электрон кутубхона ахборот тизими базаларига уланган.

Университетда илмий салоҳият ошиб бормоқда. Ташкил этилган йили бу бор-йўғи 10 фоизни ташкил этган бўлса, айни пайтда 75 фоизга кўтарилди. Университет жамоаси томонидан турли фанлар бўйича 200 дан ортиқ ўқув қўлланмаси, 120 та дарслик тайёрланиб, чоп этилди. Халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз офицер ва талабалар билан мулоқотда дуал таълимни кенг жорий қилиш, ўқув дастурини бугунги хавф-хатарларга мослаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.

Университетнинг янги спорт мажмуаси ҳам кўздан кечирилди.

Икки қаватли мажмуада бассейн, тренажёр ва кросфит зали, бокс, кўпкураш майдонлари ташкил этилган. Катта спорт залида гимнастика, мини-футбол, гандбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси билан бирга баландлик тайёргарлиги ва эвакуация машғулотларини ўтказиш мумкин.

Курсантлар спортда ҳам катта ютуқларга эришмоқда. Шу кунгача жаҳон чемпионатларида 4 олтин, 3 кумуш, 5 бронза медаль, қитъа ва республика мусобақаларида ҳам кўплаб ютуқлар қўлга киритилди. Бир нечта талабалар давлат стипендияларига, ҳарбий хизматчилар “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлган.

Маънавият ва маърифат марказида 500 ўринли тадбирлар зали, ҳарбий оркестр жамоасининг шуғулланиши учун алоҳида хона, ватанпарварлик музейи, психологик марказ жойлашган. Давлатимиз раҳбари уларнинг ижодий чиқишларини кузатди.

Тошкент халқа йўли пойтахтимизнинг энг узун ва кенг кўчаси. Фақат унинг Мирзо Улуғбек туманидан ўтган бир қисми тор бўлиб, ҳозирги талабга – кунига 45-50 мингта автомашина қатновига мос келмай қолган эди. Шу боис ушбу йўл кенгайтирилиб, қайта қурилди.

Давлатимиз раҳбари бу ерга келиб, транспорт ва пиёдалар учун яратилган қулайликларни кўздан кечирди.

Бу йўл пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг бир неча туманларини боғлайди. Сўнгги йилларда қатнов сезиларли ортди. Шуларни инобатга олиб, бу ерда замонавий транспорт ечими қўлланилди. Йўлнинг 4 километрига асфальт-бетон ётқизилди. Қатнов қисми эса олдингидан анча кенгайтирилиб, 6-8 тасмага етказилди. Шунингдек, 4 та ерости ўтиш жойи, пиёда ва велойўлаклар қурилди.

Ўзига хос ечимлар асосида 3 та қайрилиб олиш ҳамда 18 та кесишмаларда қўшилиб олиш жойлари ташкил этилди. Бу ҳайдовчиларга қулайлик яратиб, тирбандликни камайтиришда муҳим омил бўлади.

Кўчанинг Буюк ипак йўли билан кесишмасида йиғма темир конструкцияли йўл ўтказгич қурилди. Мамлакатимизда илк бор қўлланилган бу усулнинг афзаллиги кўп. Хусусан, унинг қурилиш муддати бошқа кўприкларга нисбатан икки баробар кам вақт талаб қилади. Хизмат кўрсатиш муддати эса юз йилдан ортиқ. Ўтказгични таъмирлаш ишлари ҳам анча арзон тушади.

Кўча бўйларига электрон шаклда бошқариладиган тунги ёритиш тизими, ақлли светофорлар ўрнатилди. Ўн учта бекат қурилди. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Президент янги йўл ва иншоотлар Мустақиллик байрамига туҳфа эканини таъкидлаб, халқнинг узоғини яқин, оғирини енгил қиладиган бундай қурилишлар давом эттирилишини билдирди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда 12 минг 600 километр автомобиль йўллари, икки юзга яқин кўприк реконструкция қилинган.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари