“Телеграм” мессенжери асосчиси Павел Дуров 24 август куни кечқурун Париждаги Ле Бурже аэропортида қўлга олинган. У Францияга келишидан олдин Путин билан бир вақтда Озарбайжонда бўлган. Россия раҳбари 18-19 август кунлари Бокуга Илҳом Алиев билан музокара ўтказиш учун борган. Учрашувда, хусусан, Озарбайжон – Арманистон келишуви муҳокама қилинган. Телеграм асосчиси ҳам худди шу саналарда иш сафари билан Бокуда бўлгани айтилди. Ташрифдан бир неча кун олдин Президент маъмурияти вакиллари, гўёки, Путинга “Телеграм” раҳбари билан учрашишни таклиф қилган. Мамлакат нашрлари Россия етакчиси рад жавобини берганини ёзган, бироқ сабаб кўрсатмаган. Бир неча кун ўтиб Франция аэропортига шахсий самолётида қўнган Дуров куч ишлатар тизим вакиллари томонидан ҳибсга олинган.
Воқеадан хабар топган Франциядаги РФ элчихонаси “дарҳол” вазиятга ойдинлик киритиш учун зарур чоралар кўрди”, дея хабар берди “ТАСС” ахборот агентлиги.
Агентлик суҳбатдоши сўзларига кўра, Дуров вакилларидан элчихонага ёрдам сўраб ҳеч қандай мурожаат тушмаган, шундай бўлса-да россиялик дипломатлар ҳолат бўйича иш бошлаган. Масалан, Давлат Думаси спикери ўринбосари Владислав Даваньков Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарига Дуровни озод қилиш масаласида мурожаат қилган.
“Унинг ҳибсга олиниши сиёсий асосга эга бўлиши, “Телеграм” фойдаланувчиларининг шахсий маълумотига дахл қилиш учун восита бўлиши мумкин”, – деб ёзади РИА Новости расмийнинг сўзларидан иқтибос келтириб.
Дуров камида тўрт давлат, жумладан Франция фуқароси эканини ёзган.
Агар у Францияда айбланса, бошқа давлатга экстрадиция қилинмаслиги эҳтимоли бор, чунки россиялик миллиардер 2021 йил француз паспортини олган. Бундай вазиятда шахс ҳибсга олинган давлат фуқароси сифатида судга тортилиши мумкин.
Ўз навбатида, Павел Дуров Россия ва Украина зиддияти бошланиши билан бошқа давлатлар паспортига эгалигини айтиб, ўзини россиялик тадбиркор деб атамасликни сўраган. Маълумотга кўра, унга нисбатан босим кучайгани, “Телеграм” мессенжерини давлат назоратга олишни истагани боис бошқа давлатлар фуқаролигини олишга мажбур бўлгани айтилади. Россия раҳбари нима учун Бокуда тадбиркор билан учрашишни хоҳламагани сабаби балки шу билан боғлиқдир?! Ҳозирча Россиядан ташқари уни фуқароликка қабул қилган бошқа давлатлар воқеага муносабат билдирмаган.
Нима сабабдан ҳибсга олинган?
ОАВ маълумотига кўра, Дуров “Телеграм” мессенжерида содир бўлаётган ноқонуний ҳаракат, хусусан терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси, болалар порнографиясини тарқатиш, шунингдек фирибгарликда гумон қилинмоқда.
Агар қўйилаётган айблар тасдиқланса, Дуров 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Россиянинг Телеграм каналларида Дуров ҳибсга олинган тақдирда “Телеграм” жамоаси томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режаси борлиги ҳақида хабарлар ҳам тарқалган.
Брюсселдаги юқори доиралар манбаси ҳибсга олиниш ҳолати ЕИнинг “Рақамли хизматлар тўғрисида”ги қонуни тамойили ва руҳига тўлиқ мос келади, дея маълум қилган ТАССга.
Ўша ҳужжатда ижтимоий тармоқ ёки интернет платформаси оператори жойлаштирган ҳар қандай контенти учун жавобгар бўлиши таъкидланган. Агар оператор жазодан қочмоқчи бўлса, тақиқланган контентни олиб ташлаши шарт. Шу билан бирга мазкур қонунда шахсий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмагани, фақат юридик шахс сифатидаги жавобгарлик мавжудлиги, жазо “иқтисодий хусусиятга эга” экани таъкидланган.
Дарвоқе, суҳбатдош эслатишича, фуқаролигидан қатъи назар, Дуров оммавий ахборот воситалари учун рус бўлиб қолверади, бу эса унинг Европада жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиш имкониятини сезиларли даражада пасайтиради. Дуровнинг адвокатлари “қўшимча қийинчиликка дуч келиши аниқ. Зеро, айбловнинг бир қисми “миллий хавфсизлик” билан боғлиқлиги хавфсизлик кучлари ваколатини сезиларли даражада кенгайтиради.
Ҳозир Европада “WhatsApp” мессенжер бозорида устунлик қилмоқда. Масалан, Буюк Британия, Германия ва Францияда ушбу тармоқдан аҳолининг 80-90 фоизи фойдаланади. “Телеграм” ҳозиргача Буюк Британияда атиги 3, Голландияда 8 фоиз қамровга эга. Италия ва Испанияда вазият бироз яхшироқ – аҳолининг 25-32 фоизи “Телеграм” билан дўст. Европада кўпчилик ахборот назорати ва шахсий эркинликни чеклаш масаласида ҳукумат ҳаракатига шубҳа билан қарайди. Яъни, ким бўлишидан қатъи назар, Дуровнинг қўлга олинишини одамлар ўз фикрини эркин ифода эта оладиган платформалардан бирини бостиришга уриниш сифатида кўрилиши мумкин. Бундай фараз “Телеграм” янада машҳур бўлишига олиб келиши ҳам мумкин.
Путиндан интервью олган америкалик машҳур журналист Такэр Карлсон ёдингизда бўлса керак. У ижтимоий тармоқ орқали Дуров ҳақида гапирар экан, Россиядан нима учун чиқиб кетганига тўхталди:
– Телеграмни ҳукумат назоратга олишни истаганда, Дуров рози бўлмай, Россияни тарк этганди. Ҳар ҳолда бу иши, яъни эркин ва мустақил фикр айта олиши учун одамларга минбар бергани учун уни Путин эмас, балки Байден администрацияси иттифоқчиси, НАТОнинг фаол аъзоси бўлган ғарб давлати ҳибсга олди. Мана, у Франция турмасида ўтирибди. Бугунги кунда ҳукумат цензурасига қаршилик қилган, хавфсизлик хизмати талабини бажармаган ҳар қандай платформа эгаси шу ҳолга тушиши мумкин.
К.Бекжонов, ЎзА