“Рейтер” нашри маьлум қилишича, Япония пойтахти томон ҳалокатли “Ампил” тўфони яқинлашмоқда.
15 август куни мамлакат шарқида, сув юзасида хавф илк бор қайд этилган. Натижада авиакомпаниялар ёзги саёҳат мавсуми энг юқори чўққисига кўтарилган бир пайтда фаолиятни сусайтириш, юзлаб рейсларни бекор қилишга мажбур бўлди.
Япония метеорология агентлиги (JMA) томонидан “кучли” дея таснифланган тўфон мамлакатнинг Тинч океани соҳилидан тахминан 690 километр масофада ҳосил бўлган. Кучли ҳаво оқими туфайли “Ампил” шарқий ҳудуд бўйлаб қуруқлик томон ҳаракатлана бошлаган.
Маҳаллий манбалар тарқатган хабарга кўра, тўфон бир сонияда 35 метрга етиши мумкин. Шамолнинг энг юқори тезлиги эса 50 метр секундга етиши тахмин қилиняпти.
– Тўфон яқинлашаётгани муносабати билан жамоатчилик бўрон туриши, тўлқин баланд кўтарилиши ва кучли ёмғир ёғишига тайёр туришини сўраймиз, дейилган JMA ахборотида. – Пойтахт ва қўшни ҳудудларда фавқулодда ҳолат юз бериши мумкин.
Кун чиқар юртдаги энг йирик “Japan Airlines” компанияси 191 ички, 26 халқаро рейсни бекор қилмоқчи. ANA авиакомпанияси ички йўналишдаги 280 парвоз кечиктирилишини эълон қилди.
Темир йўл транспорти фаолияти ҳам чекланади. Хусусан, Токио ва Япониянинг саноат маркази Нагоя ўртасидаги “Шинкансен” тез юрар поезди қатновни бутунлай тўхтатган.