Кембриж университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

2018 йил 2 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Буюк Британиянинг Кембриж университети профессори, Кембриж Марказий Осиё форуми раиси Сидхарт Саксена билан учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минаваров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Б.Мамадиев, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари Д.Расулов ва шарқшунос олим С.Ғуломов иштирок этди.
Ш.Минаваров жорий йил март ойида Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британияга сафари ғоят самарали кечгани, илмий-маърифий соҳада кўплаб келишувларга эришилганини таъкидлади. Кембриж Марказий Осиё форуми билан илмий-тадқиқот ва маданий-маърифий соҳадаги ҳамкорлик икки мамлакат учун ҳам бирдек манфаатли бўлишини қайд этди.
Учрашувда ўзаро тадқиқотчилар алмашиш, Кембриж университетида “Ўзбек тили” курсларини ташкил этиш, ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг илмий мақолаларини Буюк Британиянинг нуфузли илмий журналларида чоп этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Кембриж университетидаги “Ўзбек тили” курслари тингловчилари учун ўқув қўлланмалари тайёрланаётгани маълум қилинди.
Ш.Зиёдов Буюк Британияда ўтказилган музокаралар асосида “Самарқанд ва Бухоро мадрасалари тарихи” ва “Махдуми Аъзам мажмуаси қабртошларидаги битиклар каталоги” мавзуларида илмий тадқиқотлар амалга оширилаётганини қайд этди. Ушбу илмий лойиҳаларни Кембриж университети ҳисобидан молиялаштириш масаласи муҳокама қилинди.
С.Саксена келишилган барча тадбирлар бўйича аниқ режа ишлаб чиқилгани ва унинг ижроси босқичма-босқич амалга оширилаётганини таъкидлади.
Йиғилиш якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази билан Кембриж Марказий Осиё форуми ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

ЎзА