Инсон саломатлигини ўзи томонидан сақлашнинг энг муҳим йўлларидан бири соғлом овқатланиш қоидаларига риоя қилишдир.

Ҳар бир фуқарода соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик маданиятини шакллантириш юзасидан юртимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда ва яна нималарга эътибор қаратиш лозим? Шу ҳақда Турон фанлар академияси ва Ўзбекистон халқ табобати академияси академиги, тарих ва табобат фанлари доктори, олий тоифали жарроҳ Алижон ФАҚИРОВ билан суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда бетартиб овқатланиш муаммоси инсониятни қандай ҳолларга солмоқда?

– Овқатланиш маданияти бузилиши оқибатида дунёда жуда кўп хасталиклар пайдо бўляпти ва кўпайиб боряпти. XXI асрнинг энг катта фожиаларидан бири – моддалар алмашинуви бузилиши билан боғлиқ касалликлар охирги йилларда кўпайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга қараганда, дунёда ўлимга олиб келаётган касалликлар статистикасида биринчи ўринда юрак қон-томир тизими билан боғлиқ касалликлар катта роль ўйнайди. Бунинг ўлим ва касалланишга олиб келаётган даражаси 70 фоизни ташкил қилади. Иккинчи ўринда эса нафас олиш тизими ва инфекцион касалликлар туради. Учинчи ўринда меъда ичак, яъни бевосита овқат ҳазм қилиш тизими, овқатланиш маданияти билан боғлиқ касалликлар.

Ўзбекистонда эса 61 фоиз касаллик ва ўлим ҳолатлари юрак қон-томир тизими касалликлари билан боғлиқ. Иккинчи ўринда нафас олиш тизими ва учинчи ўринда меъда ичак касалликлари.

Инсонда ўн иккита тизим бор. Мана моддалар алмашинуви билан боғлиқ касалликлар деган алоҳида атамани айтиб ўтдик. Тиббиёт ходимлари билан учрашув қилган пайтларида давлатимиз раҳбари ҳам ташвишли оҳангда айтиб ўтдилар-ки, Ўзбекистонда 70 фоиздан ортиқ 30 ёшдан катта бўлган одамларда ортиқча вазн муаммоси бор экан. Бу эса айнан моддалар алмашинуви бузилиши оқибатидан.

Семизликнинг даражалари бор. Масалан, меъёрий ҳолатлар 5-15 фоизгача ортиқча вазн ҳисобланади. 15 фоиздан ортса, яъни 25 фоизгача иккинчи даражали семизлик бўлади. 25 фоиздан ортиғи учинчи даражали семизлик ҳисобланади.

Хўш, семизлик, ортиқча вазнни қандай ҳисоблаш мумкин? Ёшимизга, жисмимизга, бўйимизга нисбатан вазн қанақа бўлиши керак, норма-чи? Буларни ҳисоблашда 200 га яқин формула ичида энг осони ҳар бир инсон бевосита уй шароитида ўзи амал қилиб юриши мумкин бўлгани академик Адо томонидан 1971 йилда таклиф қилинган формула ҳисобланади. Яъни, инсоннинг бўйи қандай бўлса, ундан 100 сантиметр олиб ташланиши ва қолгани вазн бўлиши керак. Ана шундан 10 фоиз камроқ ҳам, кўпроқ ҳам бўлиши мумкин. Норманинг 10 фоиз ками пастки чегара, 10 фоиз кўпи юқори чегара деб ҳисобланади.

Энди амалиётдан мисол келтирамиз. Масалан, менинг ёшим 60 да, бўйим 170 сантиметр. 100 сантиметрни олиб ташлайдиган бўлсак, 70 сантиметр қолади, демак, 70 килограмм атрофида соф вазним бўлиши норма ҳисобланади.

Суҳбатнинг давомини ушбу ҳавола орқали томоша қилинг 

Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди, 

ЎзА