Футбол бўйича Осиё кубогига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни кунларда Бирлашган Араб Амирликларида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.
Бугун, 25 декабрь куни миллий терма жамоамиз мазкур машғулот доирасида Дубай шаҳрида Қирғизистон миллий терма жамоасига қарши назорат учрашувида майдонга тушади.
Учрашув расмий мақомга эга бўлмагани сабабли мураббийлар ўйин давомида тўлиқ таркибни синовдан ўтказиб олиши мумкин бўлади. Иккала терма жамоа мураббийларининг келишувига биноан учрашув тўлиқ ёпиқ тарзда ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё кубоги баҳслари келгуси йилнинг 12 январь-10 февраль кунлари 24 та миллий терма жамоалар иштирокида Қатар футбол майдонларида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси қитъа кубоги баҳсларида “Б” гуруҳида Австралия, Сурия ва Ҳиндистон жамоалари билан куч синашади.
Ҳамюртларимиз Осиё кубогидаги иштирокини 13 январь куни Сурия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди.
Т.Рўзиев,
ЎзА