Қадрли ватандошлар!
Муҳтарам дўстлар!
Аввало, сиз, азизларни – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимида меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчилар, қурувчи ва муҳандислар, машинист ва вагон кузатувчилари, барча ходимларни юртимиз ҳаётида илк бор нишонланаётган қутлуғ сана – Темирйўлчилар куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Мустақиллик йилларида бутун мамлакатимиз қатори Ўзбекистон темир йўллари соҳаси ҳам оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди.
Ўтган даврда мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ишончли ва самарали боғлайдиган, халқаро транспорт тармоқларига чиқишни таъминлайдиган, мустақил, ягона ва яхлит темир йўл транспорти коммуникациялари тизими барпо этилгани, ҳеч шубҳасиз, шу йўналишда эришган энг катта тарихий ютуғимиз бўлди.
Сизларга яхши маълум, ҳозирги вақтда юк ва йўловчи ташишнинг асосий қисми темир йўл соҳасига тўғри келади ва бу тармоқнинг иқтисодиётимизни ривожлантиришдаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Халқаро транспорт тизимларининг ажралмас қисми ва муҳим бўғини бўлган Ўзбекистон темир йўлларининг халқаро ташувлар тизимидаги роли янги босқичга кўтарилмоқда.
Қадим замонлардан буён Буюк ипак йўли ва кўплаб савдо йўллари туташган минтақада жойлашган Ўзбекистоннинг географик жиҳатдан ўта муҳим ўрни бу заминда турли цивилизация ва маданиятлараро мулоқот ва ҳамкорлик алоқалари мунтазам амалга оширилиши учун қулай имконият яратгани шубҳасиз, албатта.
Халқаро ҳамжамиятнинг эътироф этишича, Ўзбекистон Шарқ билан Ғарбни, Жануб билан Шимолни боғлайдиган улкан транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга.
Ана шу салоҳият ва имкониятдан самарали фойдаланаётган “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг кўп миллатли жамоаси темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш, такомиллаштириш ва реконструкция қилиш, темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда.
Ўтган йиллар давомида темирйўлчиларимиз томонидан 1100 километрдан ортиқ янги темир йўллар барпо этилгани, 4 минг километрлик темир йўл магистраллари модернизация қилингани, 1700 километрлик темир йўл боғламалари электрлаштирилгани таҳсинга сазовордир.
Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимиз иқтисодиёти учун ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган ва Амударё узра қурилган кўприкни ҳам қамраб олган Навоий – Учқудуқ – Нукус – Султон Увайстоғ, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон ва Ангрен – Поп темир йўлларининг бунёд этилиши билан Ўзбекистоннинг ягона ва мустақил темир йўл тармоғини шакллантириш ишлари якунига етказилганини таъкидлаш зарур.
Мураккаб тоғ ва иқлим шароитида бунёд этилган, денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдаги тоғ чўққилари орқали ўтган ва замонавий инфратузилма объектлари билан таъминланган, умумий узунлиги 346 километр бўлган Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон ҳамда Ангрен – Поп темир йўллари Марказий Осиё минтақасида ноёб иншоотлар ҳисобланади.
Айниқса, Ангрен – Поп электрлаштирилган янги темир йўли лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистон темирйўлчилари билан бирга хитойлик мутахассислар ҳам катта ҳисса қўшганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни истардим.
2016 йилда ишга туширилган ушбу темир йўл тармоғи Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан ишончли боғлаш имконини яратиш билан бирга, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл тизимининг ажралмас ва муҳим бўғини бўлиб хизмат қилаётгани айниқса эътиборлидир.
Янги темир йўлларнинг фойдаланишга топширилиши мамлакатимизнинг шимолий ва жанубий ҳудудларининг иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, минерал ресурслар, нефть ва газ, рангли металлар, қурилиш материаллари ва бошқа хомашёга бой конларни комплекс ўзлаштириш, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, минг-минглаб юртдошларимизни иш билан таъминлаш имконини бераётгани барчамизни хурсанд қилади.
Ана шу ишларнинг изчил давоми сифатида Мароқанд – Қарши темир йўл участкасида электрлаштириш ишлари ниҳоясига етказилди, Қарши – Термиз темир йўл участкасини электрлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг транспорт соҳасидаги хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида ҳаракатланадиган таркибни замонавий, юқори самарали локомотив ва қулай вагонлар билан таъминлаш ва модернизация қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Сўнгги йилларда 49 та замонавий электровоз ва 10 та йўловчи ташийдиган тепловоз сотиб олингани, 120 та локомотив модернизация қилингани бу борадаги ишлар кўлами тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
“Қуюв-механика заводи” шўъба корхонасида ҳаракатланадиган таркибни таъмирлаш базасини ривожлантириш, вагонсозликни ташкил этиш ва қуюв корхонасини реконструкция қилишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш жараёнида 26,5 минг тонна металл қуйиш қувватига эга бўлган корхона ташкил этилди, янги юк вагонлари, кўп тоннали контейнерлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва юк вагонларини капитал таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари якунига етказилди.
Испаниянинг жаҳонга машҳур “Тальго” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, юқори тезликда ҳаракатланадиган “Аfrosiyob” электропоездлари қисқа муддатда халқимиз ва хорижий меҳмонларнинг эътибори ва ишончини қозонди, деб айтишга бугун барча асосларимиз бор.
Ҳозирги кунда ушбу поездлар пойтахтимиз Тошкент шаҳридан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга қатнамоқда, йўловчиларимиз вақтини икки баробаргача қисқартирмоқда.
Ўтган даврда мамлакатимизда 16 та янги темир йўл вокзали бунёд этилди, 9 та вокзал реконструкция қилинди ҳамда йўловчиларга халқаро стандарт ва талаблар даражасида хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланди.
Мустақиллик йилларида темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш ва инфратузилмаларни ободонлаштириш мақсадида 7,5 миллиард доллардан ортиқ капитал қўйилмалар, жумладан, 2,4 миллиард долларлик хорижий инвестициялар йўналтирилди.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, йўл, энергия таъминоти, телекоммуникациялар, локомотивлар, вагон ва контейнерлардан фойдаланиш, йўловчи ташиш хўжаликлари, шунингдек, тармоқ лойиҳачилари, қурувчилари ҳамда саноат корхоналари мамлакатимиз темир йўл тизимини ривожлантиришга, унинг самарали фаолият кўрсатишига салмоқли ҳисса қўшаётганини миннатдорлик билан қайд этмоқчиман.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилган кундан буён юк ташиш ҳажми 2,1 марта, йўловчи ташиш ҳажми 2 баробар кўпайгани, темир йўллар орқали 1,4 миллиард тонна юк ташилиб, 350 миллион йўловчи ўз манзилига етказилгани сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан амалга оширилган ишлар салмоғи нақадар катта эканидан далолат беради.
Ўз таркибида 73 минг нафар юқори малакали инженер-техник ходим ва мутахассислар, йўлсозлар, машинистларни, саноат, лойиҳа ва қурилиш корхоналари, ижтимоий инфратузилма объектларининг ишчи ва хизматчиларини бирлаштирган меҳнат жамоаси, ҳеч шубҳасиз, тармоқнинг бунёдкор кучи, бебаҳо бойлигидир.
Айнан ана шундай ўз касбига садоқатли ва фидойи юртдошларимизнинг сидқидилдан қилаётган самарали меҳнати, билим ва тажрибаси туфайли темир йўл тармоғи халқимиз ўртасида ҳақли равишда обрў-эътибор, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлиб келмоқда.
Ҳурматли темир йўл транспорти ходимлари!
Сизларни бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, фидокорона меҳнатингиз, Ватанимиз равнақи ва фаровонлиги йўлида қўшаётган муносиб ҳиссангиз учун самимий миннатдорлик билдираман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, эзгу ишларингизда янги-янги муваффақиятлар, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик ва файзу барака тилайман.