8-9 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар саммити олдидан дунёнинг турли етакчи халқаро нашрлари мазкур анжуманнинг алоҳида аҳамияти кенг ёритилмоқда. Масалан, Туркиянинг “Yeni Safak” газетаси саммитда Президент Режеп Таййип Эрдоған иштирок этишини маълум қилди ва муҳокама қилинадиган долзарб мавзулар орасида Фаластинга тезроқ инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш масаласи ҳам борлигини таъкидлади.

– Ўтган ҳафта Қозоғистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти анжуманида иштирок этган Туркия Президенти 8-9 ноябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент мезбонлик қиладиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида ҳам иштирок этади, – дейилади хабарда. –Режеп Таййип Эрдоған делегациялар учрашувларида қатнашишдан ташқари, аъзо мамлакатлар етакчилари билан юзма-юз суҳбатлашади.

Хабар қилинишича, саммитда аъзо мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Минтақавий савдони такомиллаштириш, бунинг учун ИҲТ савдо битими (ECOTA) ва аъзо давлатлар ўзаро савдоси ҳажмини 100 миллиард доллар ошириш мақсадида савдо тартибини соддалаштириш стратегияси бўйича қўлланадиган воситалар ҳам муҳокама қилиниши кутиляпти.

Минтақада транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мавзуси ҳам кун тартибидан ўрин олган. Қолаверса замонавий Ипак йўлини қайта тиклаш бўйича амалга оширилаётган ҳамкорликка баҳо берилади. Туркия етакчилигидаги Транс-Каспий ташаббуси “Ўрта Шарқ– Ғарб йўлаги” ва Боку– Тбилиси –Карс темир йўли лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинади.

С.Раҳимов,

ЎзА