Хабар берилганидек, 28 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, «Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати учун» тамойили асосида аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида контрафакт ва сифатсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг муомалага киритилишига барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик, ташиганлик, ўтказганлик, ишлар бажарганлик ёки хизматлар кўрсатганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик учун жиноий жавобгарликни белгилашга тааллуқли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси санитария тўғрисидаги қонунчиликни ва ветеринария қоидаларини бузганлик, ўзганинг товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилишига, шунингдек, ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари аниқланганда карантин қоидаларини, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг хавфсизлиги нормаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишига қаратилган ўзгартиришлар билан тўлдирилди.

Бундан ташқари, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, шахснинг муайян фаолият тури билан шуғулланиши учун суднинг тақиқи мавжуд бўлганда лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат беришни рад этиш учун асослар кенгайтирилмоқда.

Лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш ёки хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатларни) суд томонидан тугатиш учун асос бўладиган бир марталик қўпол қоидабузарлик аниқлаштирилмоқда.

Қолаверса, ваколатли органларга лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этилишига оид текширувларни Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказиш ҳуқуқи берилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик кодексига географик кўрсаткичлар ҳам интеллектуал мулк объектлари ҳисобланиши тўғрисидаги норма қўшилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар соғлиғини сақлашга, ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳамда интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига деҳқон хўжалигини юритиш учун ажратиладиган ер участкаларининг ўлчамини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур қонун билан “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунга ҳамда Ер кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, қонунда Қорақалпоғистон Республикасида чорва озуқаси экинларини етиштириш мақсадида деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 5 гектаргача ер ажратиб берилиши белгиланмоқда.

Сенаторлар томонидан ушбу қонун муҳокамаси жараёнида Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашга ва мазкур соҳада маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги  қонун муҳокама қилинди.

Мазкур ҳужжат “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, қўриқлаш фаолияти соҳасига тегишли айрим қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш мақсадида Миллий гвардия томонидан ишлаб чиқилган.

Таъкидланганидек, Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлисида “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни сенаторлар томонидан маъқулланиб, 2022 йил июнь ойида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган эди.

“Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунидан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларда ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда акс этган “ҳарбийлаштирилган соқчилик” тушунчаси “ҳарбийлаштирилган қўриқлаш” тушунчаси билан ўзгартирилмоқда.

Сенаторлар муҳокама жараёнида ушбу қонуннинг қўриқлаш фаолияти соҳасидаги тушунчаларнинг аниқ ва бир хил қўлланилишига хизмат қилишини айтиб ўтдилар.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битимни (Анқара, 2023 йил 16 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари Ўзбекистон Республикасининг Туркий инвестиция жамғармасидаги улушини Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битимда (Анқара, 2023 йил 16 март) назарда тутилган муддатларда шакллантириш, шу жумладан, унинг бошланғич капиталидаги 2000 та акцияга обуна бўлиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбаи эканлиги белгиланмоқда.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битимнинг бажарилиши учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланиб, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли маблағларни ўтказиш бўйича буюртманомалар тақдим этиб боради. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги Битим бўйича депозитарий функциясини бажаради.

Туркий инвестиция жамғармаси доирасида ҳамкор давлатлар, жумладан, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия билан инвестициявий лойиҳаларни, хусусан, электротехника, енгил саноат, автосаноат, чарм саноати, қурилиш материаллари соҳаларида қўшма саноат кооперацияси каби лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга хизмат қилади.

Жамғарманинг маблағлари минтақалараро савдо, қўшма лойиҳалар, яшил иқтисодиёт, ахборот технологиялари, транспорт, логистика ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга қаратилади.

Сенаторлар Битимни ратификация қилиш Ўзбекистонга янги муҳим молиявий механизмнинг тенг ҳуқуқли иштирокчисига айланиш имконини беришини, ундан эса ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, туркий давлатлар билан инфратузилма ва транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш учун фойдаланилишини таъкидладилар.

Сенаторлар қонунни маъқулладилар.

Шу билан бирга, Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини (Болалар омбудсманини) сайлаш тўғрисидаги масаласи кўриб чиқилди.

Сенат томонидан Рахмонова Сурайё Махмудовнани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, С.Рахмонова узоқ йиллар мобайнида юридик олий таълим ташкилотларида, шунингдек, суд ва прокуратура органлари тизимида самарали фолият кўрсатиб келган. 1-даражали адлия маслаҳатчиси, юридик фанлар доктори, профессор.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 12 та масала, шу жумладан, 10 та қонун муҳокама қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ олтинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

  Олий Мажлиси Сенати  

Ахборот хизмати