Энергетика вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ёқилғи-энергетика комплекси ташкилотларида гендер тенгликни кенг тарғиб қилиш ва таъминлашга бағишланган ўқув-семинар ўтказилди.

Тадбирда Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология касаба уюшмалари республика кенгаши ҳамда Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигида гендер сиёсатини амалга оширишга масъул ходимлар иштирок этди.

Ўқув-семинарда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш дастури доирасида гендер стратегиясини кўриб чиқиш ва уни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирларни белгилаш мақсад қилинди.

Тадбир масъулларининг таъкидлашича, гендер тенглик сиёсати эркаклар ва аёллар учун барча соҳаларда тенг имкониятлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир. Бу сиёсат меҳнат бозори, таълим, сиёсат, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётдаги тенгсизликларни бартараф этишни назарда тутади. Бундан асосий мақсад эса ҳар бир шахснинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишдаги ҳиссасини тенг баҳолаш ҳамда эркаклар ва аёллар учун тенг шароитлар яратишдир. Бу жараёнда инновацион ёндашувлар, малака ошириш ва қонунчиликни такомиллаштириш каби чоралар муҳим ўрин тутади.

Тадбир давомида ёқилғи-энергетика соҳасида хотин-қизлар улушини оширишга қаратилган янги ёндашувлар ва ғоялар муҳокама қилинди. Ўқув-семинар якунида келгуси беш йил учун мўлжалланган соҳанинг янги гендер сиёсати лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА