Саудия Арабистони ахборот агентлиги SPA хабар беришича, Ар-Риёд шаҳрида Жаҳон инвестицияларни илгари суриш агентликлари уюшмаси (WAIPA) билан ҳамкорликда Инвест платформаси томонидан ташкил этилган Жаҳон инвестиция конференцияси 28-йиғилиши бўлиб ўтди.

Подшоҳлик инвестициялар вазири Холид бин Абдулазиз Ал-Фалиҳ тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиқиб, мазкур нуфули анжуман глобал иқтисодиётнинг энг муҳим воситаларидан бири – сармоя масаласини муҳокама қилиш учун сара инвесторлар гуруҳини бирлаштирганига эътибор қаратди.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳам қатнашган йиғилишда 100 дан ортиқ давлатдан 3000 нафар вакил тўпланди. Сессия ва мунозаралардан ташқари дастур доирасида 21 давлат инвестиция вазирлари иштирокида “Парадигма алмашинуви – саноат сиёсати ва инвестиция жалб қилиш стратегияси синергияси” мавзусида давра суҳбати уюштирилди. Экспертлар келгуси йилларда халқаро инвестиция ландшафтига асосан яшил иқтисодиётга сармоя киритишни рағбатлантириш, технология, глобал таъминот занжири ва инфратузилмани ривожлантириш ва демографик ўсиш соҳа тараққиётига бевосита таъсир кўрсатиши бўйича муаяйн ҳулосага келишди.

Л.Қудратов ва Холид Ал-Фалиҳ учрашуида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Келишув асносида барча масалалари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. 2025 йил биринчи чоракда Самарқанд шаҳрида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес-форум ўтказиш саналари маъқулланди.

Саудия компаниялари раҳбарлари билан кечган музокара чоғида бизнес субъектлари фаолияти, имконияти, молиявий воситалар мавжудлиги таҳлил қилинди. Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқлари салоҳияти хусусида маълумот берилиб, жорий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш, талабгир маҳсулотлар етказиш ҳажмини ошириш ва янги сармоявий ташаббусларни илгари суриш зарурлиги қайд этилди.

Умуман, ташриф давомида Саудия ишбилармон доираларининг юртимизда яратилган инвестиция шароитига ишончи юқорилиги, турли услублар, жумладан давлат-хусусий шериклик ва суверен бўлмаган молиялаштириш тамойили асосида узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларида иштирок этишга тайёрлиги тасдиқланди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА