Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва «Sandoz» компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, «Sandoz» – глобал фармацевтика компанияси бўлиб, «Novartis» гуруҳига тегишли. Ушбу компания асосан, генериc дори воситалари ва биосимилар препаратлар ишлаб чиқаради. Компания дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш тизимларини арзон ва самарали дори воситалари билан таъминлашга ёрдам бериб келади.
Учрашувда Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантириш, шу жумладан, биологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. «Sandoz» компанияси маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан шартнома асосида биосимилар ва бошқа фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва пост-маркетинг фаолиятини биргаликда амалга оширишга қизиқиш билдирди, дейилади Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотида.
Якунда томонлар ўзаро маълумот алмашиш ва биргаликда янги лойиҳалар устида ишлашга келишиб олди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА