«Евровидение 2018» халқаро танлови
«Евровидение 2018» халқаро қўшиқлар танловининг финал босқичи Португалиянинг Лиссабон шаҳрида бўлиб ўтди. Гранд-финалда Европанинг 26 давлатидан ижрочилар иштирок этди. Исроиллик Нетта Барзилай ўзининг «Toy» қўшиғи билан ғолибликни қўлга киритди.

Ғолибани Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху табриклади. Бироқ бош вазирнинг табриги Twitterда нотўғри таржима қилинди. Биньямин Нетаньяху ўз ватандошини иврит тилида табриклар экан қўшиқчини «капара», яъни «азизим», «дилбарим» деб атаган. Бу ибора иврит тилида энг яқин дўстларга нисбатан ишлатилади. Ижтимоий тармоқларда эса таржима инглиз ва рус тилларида автоматик тарзда: «Сен сигирсан!» деган тарзда берилган. Яъни бош вазирнинг Twitterдаги ёзуви қуйидагича: «Сен ҳақиқий сигирсан. Сен Исроил давлатига катта ҳурмат олиб келдинг! Келаси йили Қуддусда!» дея талқин қилинган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари хатога эътибор қаратишган ва иврит тилини билмайдиганларга тушинтириш беришга уринишган. «Англашилмовчилик келиб чиқмаслиги керак: У Неттани «капара», яъни уй жониворининг номига ўхшаш сўз билан, аммо биз бир-биримизга қарата ижобий маънода ишлатадиган сўз билан атади. Бу сўз иврит тилида «cow» (инглизча «сигир») тарзида ёзилади», дея таъкидлади юзер(фойдаланувчи)лардан бири.

13 май куни тунда Лиссабоннинг Миллатлар паркидаги Altice саҳнасида якунланган «Евровидения» финалида ҳайъат аъзолари ва томошабинларнинг овоз бериш якунларига кўра Нетта 529 балл олди. Иккинчи ўрин Кипрлик хонанда Элени Фурейра (Fuego («Аланга» қўшиғи)га насиб қилди, учинчи ўринни эса австриялик ижрочи Сезар Сэмпсон Nobody But You («Сендан бошқа ҳеч ким «) композицияси учун қўлга киритди. Танлов қоидаларига кўра навбатдаги танлов ғолиб мансуб бўлган мамлакатда ўтказилади.

25 ёшли Нетта Барзилай Исроилда бўлиб ўтган мусиқали реалти-шоуда ғолиб бўлганидан сўнг «Евровидение»га йўлланма олди. Хонада Исроил ҳарбий оркестрида фаолият юритади. У финалда ижро этган Toy («Ўйинчоқ») қўшиғини Тель-Авив гимни Tel Aviv Ya Habibi муаллифи бўлмиш, таниқли композитор Дорон Медали ёзган.

Барзилай «Евровидения»да кучли иштирокчилар қатнашганини тан олди. «Ҳамма ажойиб чиқиш қилди, аммо кимдир ғолиб бўлиши керак эди-да», деди Нетта. “Мен ўзим билан мусобақа ўйнадим», дея таъкидлади хонанда.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА