Халқаро олимпия қўмитаси Ижроия кенгашининг навбатдаги йиғилиши жорий йил 12-14-октябрь кунлари Ҳиндистонинг Мумбай шаҳрида бўлиб ўтади. Шу муносабат билан ХОҚ президенти Томас Бах Ҳиндистонга келди.

Анжуман давомида 2036 йилги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларини қабул қилувчи давлатлар номзоди кўриб чиқилади.

Маҳаллий журналистлар билан мулоқотда Бах даъвогар 10 давлат орасида Ҳиндистоннинг имконияти юқорироқ эканини билдирган.

Сессияда қўмитанинг янги аъзолари сайланади, айрим амалдаги аъзолар муддати тўрт йилга узайтирилади.

Халқаро стол тенниси федерацияси ва Халқаро конькида учиш иттифоқи президентлари швециялик Петра Серлинг ва жанубий кореялик Ким Чже Ёль, исроиллик Яэль Арад, венгриялик Балаз Фюри, Сесилия Роксана Тайт, перулик Виллакорта, германиялик Майкл Мронц ва Тунис Олимпия қўмитаси раҳбари Меҳри Буссаин аъзо сифатида тасдиқланиши кутиляпти.

Яна етти аъзо қайта сайланиши эҳтимоли юқори. Булар Монако шаҳзодаси Алберт II, украиналик Валерий Борзов, швециялик Гунилла Линдберг, покистонлик Сайид Шаҳид Али, Халқаро олимпия қўмитаси Ижроия кенгаш аъзолари марокашлик Навал Ал-Мутаваккил ва сербиялик Ненад Лалович.

Мумбайдаги йиғилиш давомида 2028 йил Лос-Анжелесда ўтказиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастуридан жой оладиган спорт турлари масаласи ҳам муҳокама қилинади.

Т.Рўзиев, ЎзА