Нукусда ЮНЕСКО томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда номоддий маданий меросни инвентаризация қилиш ва ҳужжатлаштириш, шу жумладан, қўбиз ва жиров мусиқий меросини асраб-авайлашга қаратилган ўқув дастури ташкил этилди.

Тадбирлар “Қўбиз анъанавий мусиқа асбобини ишлаб чиқаришни ва унинг жиров ижросидаги анъаналарини шошилинч ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди. Ушбу лойиҳа ЮНЕСКОнинг 2003 йилдаги Конвенциясининг номоддий маданий мероси фонди томонидан молиялаштирилади. Унинг асосий вазифаси қўбиз ва жиров анъаналарини асраб-авайлаш орқали Қорақалпоғистоннинг ушбу меросини муҳофаза қилиш, уларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, асраб-авайлаш муҳимлиги тўғрисида хабардорликни оширишдан иборат.

Қўбиз жировларнинг мусиқий чолғу асбоби ҳисобланади. Унинг яратилиши жуда қадим замонларга бориб тақалади. Жировлар ботирлик достонларини ушбу чолғу асбобида маромига етказиб куйлаб келган. Шунинг учун ҳам бугунги кунда қорақалпоқ миллий чолғу асбоби қўбизни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш ишлари олиб борилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги доимий вакили Сара Ношади билан учрашувида бир неча асрлик миллий маданиятнинг ажойиб дурдоналарини асраб-авайлаш масалалари муҳокама этилиб, мазкур чолғу асбобини рўйхатга киритиш ишларини жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.

ЮНЕСКО қўбиз ҳунармандчилиги ва жиров ижрочилик санъатининг келажагини сақлаб қолиш чораларини кўриш борасида қатор тадбирларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Ушбу чора-тадбирлар миллий салоҳиятни ошириш, ушбу номоддий мероснинг таркибий қисмларини аниқлаш ва ҳужжатлаштириш, маҳаллий ҳамжамият ва манфаатдор томонлар ўртасида хабардорликни ошириш ҳамда ушбу маданий меросни келажак авлодларга етказишга кўмаклашишни ўз ичига олади.

Ўқув машғулотининг давоми сифатида жорий йил 4 ва 10 октябрь кунлари Қорақалпоғистон ҳудудида дала тадқиқот ишлари олиб борилади. Ундан кўзланган мақсад қўбиз ва жиров билан боғлиқ бўлган элементларни аниқлаш, инвентаризация қилиш ва ҳужжатлаштиришдан иборат. Дала ишлари икки томонлама: ушбу соҳада ички инвентаризация қилиш бўйича амалий тажрибани тақдим этиш, шунингдек, ушбу маданий анъаналарни ҳужжатлаштириш ва сақлашга ҳисса қўшишдан иборат.

ЮНЕСКО Ўзбекистонда номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ва унинг маҳаллий, миллий ва халқаро миқёсдаги аҳамияти тўғрисида хабардорликни оширишга катта ҳисса қўшмоқда. Ташкилот барча тегишли манфаатдор томонларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш учун халқаро, минтақавий ва миллий шериклар билан яқиндан ишлашни давом эттиради.

Ўқув дастури якунида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА