Хабарингиз бор, Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида сафарда Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол» клубига қарши тўп суради.

Мазкур ўйин олдидан бугун Ар-Риёд шаҳрида жойлашган “Ал-Ҳилол” клуби анжуманлар залида учрашув комиссари – ливанлик доктор Башр Абдул Холиқ, ўйин назоратчиси – Қирғиз Республикасидан  Виктор Колпаков, шунингдек, ҳар икки жамоа вакиллари, жумладан, «Навбаҳор» спорт директори Абдумалик Умрзоқов, клуб администратори Аброр Каримов, оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда бўлажак мусобақанинг ташкилий масалалари ҳақида сўз борди. Эртанги ўйинда жамоаларнинг қандай либосларда майдонга тушишига ҳам ойдинлик киритилди. Мезбон ўйинчилари  кўк рангда,  «Навбаҳор» аъзолари эса оқ рангли кийимларда майдонга тушадиган бўлишди.

Ўйин 2023 йил 18 сентябрь, душанба куни Ар-Риёд шаҳридаги Шаҳзода Файсал бин Фаҳд номидаги стадионида Тошкент вақти билан эса соат 23:00 да бошланади.

Ҳозирга қадар «Машъал», «Бунёдкор», «Пахтакор», «Локомотив», «АГМК» каби Ўзбекистон клублари «Ал-Ҳилол» тўсиғидан ўта олмаган. «Навбаҳор» жамоаси ушбу нохуш анъанага чек қўйиш учун тайёргарликка  зўр  бермоқда.

Бўлажак учрашувда  «Навбаҳор»га омад ёр бўлишини тилаймиз.

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА мухбири 

Саудия Арабистонининг 

Ар-Риёд шаҳри.