Нукусда «Орол денгизи минтақасида барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) маҳаллийлаштириш” мавзусида қўшма семинар бўлиб ўтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, барқарор ривожланиш мақсадлари локализацияси деганда барқарор ривожланиш мақсадларини ҳудудий даражада амалга ошириш жараёни тушунилади. Бу уларни маҳаллий эҳтиёжларга мослаштириш орқали масъулият ва фаолликни оширишга ёрдам беради. Шунингдек, маълумотларни йиғиш ва мониторинг тизимларини яхшилайди ҳамда манфаатдор томонларнинг иштирокини рағбатлантиради.
Тадбирда, шунингдек Орол денгизи бўйича Траст жамғармаси томонидан 2023 йилгача бўлган Орол денгизи эҳтиёжларини баҳолаш натижалари тақдим этилди. Унда жорий йил бошида ўтказилган кенг қамровли тадқиқотда аниқланган барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳаётий алоқалари кўрсатилди.
Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар бешта минтақада соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга, асосий инфратузилмани ислоҳ қилишга, қишлоқ жамоаларини рақамлаштиришга, иш ўринлари яратиш ва уларнинг даромадларини ошириш орқали ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлашга ёрдам берганлиги қайд этилди.
Орол денгизи минтақаси ҳозирги ва келажак авлодларга фойда келтирадиган самарали иқлим ўзгариши инновацияларини жорий этиш ҳудудига айланиши керак. Бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш долзарб масалалар ва уларни ҳал қилиш йўллари тўғрисида хабардорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Орол денгизи инқирози билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ва экологик муаммоларга жавобан 2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Норвегия ҳукумати, Европа Иттифоқи, Финляндия, Корея Республикаси, Германия ҳукуматлари ва «Alwaleed Philanthropies» хайрия жамғармаси кўмагида Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда Орол денгизи бўйича Траст жамғармаси ташкил этилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ФAО, БМТТД, ЮНИCЕФ, ЮНФПA, ЖССТ, ЮНОПС, ЮНОДC ва ЮНЕСКО каби саккизта иштирокчи ташкилотларининг турли қўшма дастурлари доирасида БМТ барқарор қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни тиклашга қаратилган тадбирларни амалга оширди.
– 2030 йилгача бўлган кун тартибини амалга оширишнинг ушбу оралиқ босқичида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун шошилинч чоралар кўришимиз кераклиги аниқ, – дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Консуэло Видал Брюс. – Мажбурият, ҳамкорлик ва ўзгартириш чораларини сезиларли даражада оширмасдан, биз барқарор ривожланиш мақсадларига, жумладан, қашшоқликни камайтириш, тенгсизликнинг олдини олиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби муҳим мақсадларга эриша олмаслигимиз хавфи бор.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев иштирок этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА