Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 16 сентябрь – Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш кунига бағишланган «Озон қатлами – ернинг қалқони» мавзусида семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар, партия фаоллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар озон қатламини емирувчи моддалар ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши туфайли емирилиб, 1980 йиллар сўнгида “Озон дарчалари” пайдо бўлиб, унинг ҳимоя  хусусияти пасайганлигини таъкидлади. 1985 йили «Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисида» ги Вена конвенцияси қабул қилингани мазкур муаммонинг ечимини топишда бош мезон бўлди.

Олимлар ва экспертларнинг изланишлари натижасида озонни емирувчи энг зарарли ҳамда келгусида аҳоли хўжалигида фойдаланиш учун яроқли бўлган моддалар аниқланиб, уларнинг хулосалари 1987 йил 16 сентябрь куни «Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал баённомаси»нинг қабул қилинишига асос бўлди. Давлатимиз 1993 йилдан бошлаб «Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисида» ги Вена конвенцияси ва «Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреал баённомаси» тарафдори эканлиги қайд этган.

Қолаверса, давлатимиз томонидан 2021 йил 9 мартда ҳукуматнинг қарори билан «Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича» Миллий дастур қабул қилингани, унга мувофиқ 2019-2024-йилларга мўлжалланган самарали технологияларни жорий этиш орқали озон қатламини бузувчи моддаларни бутунлай истеъмолдан чиқариш бўйича 8,6 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, республика бўйлаб аҳолининг барча қатламини, айниқса ёшларни жалб этган ҳолда бир неча йилдан буён «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётганлиги ҳамда уларни кўпайтириш орқали озон қатламининг емирилишига қарши «яшил белбоғ» сифатида она еримизнинг қалқони ҳимоя қилинаётганлиги қайд этилди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар батафсил жавоб берди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири