Нукусда Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигига бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Б.Отемуратов, Ўзбекистон Адлия вазирлиги вакили Ж.Бобоев, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Э.Турсунов ва бошқалар сўзга чиқиб, замонавий бошқарув услубларини амалиётга жорий этиш, назорат қилиш ва ижросини текшириш шаклларини такомиллаштириш, талабчанликни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда ҳудудлар ҳокимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича қатъий чора-тадбирлар иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштиришни таъминлаш, республикани барқарор ҳамда жадал ривожлантириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ташкилий ҳамда назорат фаолиятининг шакллари, услублари такомиллаштирилмаганлиги, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг мазмуни ва аҳамияти мансабдор шахслар томонидан етарли даражада ўрганилмаётганлиги, шунингдек, ушбу ҳужжатларни аҳоли ва кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш ишлари етарли даражада эмаслиги қайд этилди.

Ушбу муаммоларни бартараф этишда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўқув семинарида ушбу фармон ва қарорнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг ижроси, “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолиятининг ижобий томонлари юзасидан батафсил маълумот берилди. Тадбир иштирокчиларининг бу борадаги саволларига батафсил жавоб берилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири