Осиё футбол конфедерацияси 2024 йили Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги баҳсларини бошқариб боришда иштирок этадиган ҳакамлар рўйхатини эълон қилди.

Унга кўра, мусобақанинг 10 нафар техник экспертидан бири сифатида ўзбекистонлик футбол мутахассиси Фарҳод Абдуллаев эътироф этилган бўлса, тажрибали ҳакамлар Аҳрол Рисқуллаев ва Илгиз Танташев Осиё кубоги ўйинларини назорат қилиб борадиган 33 нафар бош ҳакамлар қаторидан жой олди.

Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Тимур Гайнулин ва Андрей Тсапенкодан иборат икки нафар ҳаками нуфузли мусобақанинг ёрдамчи рефериси сифатида иш олиб боради. Ёрдамчи рефериларнинг умумий сони 37 нафарни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, Қатарда ўтадиган Осиё кубоги ўйинлари келгуси йилнинг 14 январь – 10 февраль кунлари бўлиб ўтади. Ўйинларни назорат қилиш учун умумий ҳисобда 74 нафар қитъа футбол мутахассислари жалб этилмоқда.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА