Мамлакатимизда суд тизимини демократлаштириш ва мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд идораларига нисбатан ишончи ошишига, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда  маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган   ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2023 йилнинг 26 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини  таъминлаш  бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан давлат органларининг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судлар ролини кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар киритилди. Жумладан, маъмурий суд ишларини юритишда янги принцип – “Суднинг фаол иштироки” тамойили асосида иш юритиш жорий этилди. Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан қўшимча далилларни йиғиш, ишда иштирок этувчи шахсларга эса ишнинг ҳақиқий ҳолатини текширишда ва далилларни тўплашда судга кўмаклашиш шартлиги белгилаб берилди.

Таъкидлаш лозимки, юқорида қайд этилган қонун билан яна бир муҳим ўзгартиш – суд тизимига “ягона дарча” тамойили жорий этилди. Бундан буён иш фуқаролик, иқтисодий ёхуд маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъий назар, аризалар “ягона дарча” асосида қабул қилинади. Хусусан, маъмурий суд фаолияти юзасидан тушунтириш берилса, эндиликда маъмурий судга мурожаат қилган мурожаатчининг аризаси (шикояти) мазкур судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш тартиби бекор қилинди. Янги тартибга кўра, ариза (шикоят) судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда, маъмурий судга тақдим этилганлиги аниқланса, 5 кун ичида “ариза (шикоят) тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш тўғрисида”  ажрим чиқариб, иш материалларини тегишли судга юбориши белгиланди.

Қонунда тарафлар ўртасида низога барҳам бериш мақсадида келишув битими тузиш тўғрисида янги норма белгиланди.

Эндиликда   тарафларга   уларнинг    ихтиёрий    розилиги асосида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган  ишлар бўйича ярашувга эришиш механизми, келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилди. Келишув битимининг асосий вазифаси муайян маъмурий ишлар бўйича тарафларнинг позициясини яқинлаштириш, низони ҳал этиш шартларини тартибга солиш учун қўшимча имкониятларни аниқлаб, ўз манфаатлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, ўзаро музокаралар орқали ярашув натижаларига эришишда имконият беришдан иборат. “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида” ги кодексга келишув битимини тузишнинг процессуал тартибини белгиловчи янги, яъни 151-боб киритилди. Унга кўра, тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида, шу жумладан, суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида ҳам низони келишув битимини тузган ҳолда ҳал этишлари мумкин. Бунда тарафларнинг келишуви фақат жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат), яъни маъмурий органнинг қонунчилик доирасида йўл қўйилган чоралардан бирининг қонунийлигига ва мақсадга мувофиқлигига ўзи баҳо бериши асосида ўз ихтиёрига кўра қўллаш ёки тегишли чорани қўллашдан воз кечиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда йўл қўйилади. Судлар томонидан келишув битимини вакил орқали тузишга, хусусан, ишончномада келишув  битими тузиш ваколати назарда тутилган тақдирда ҳам, Кодекснинг 62-моддаси биринчи қисмига кўра, вакиллар томонидан келишув битими тузилишига ҳамда бундай келишув битимлари судлар томонидан тасдиқланишига йўл қўйилмайди.

Шу жумладан, фуқаронинг, юридик шахснинг ҳамда жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб, ариза тақдим этган прокурор келишув битими тузиш ваколатига эга эмас. Келишув битими суд мажлисида тарафлар иштирокида кўриб чиқилади. Бундай ҳолларда суд томонидан келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқарилади. Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажрими ижро этилмаган тақдирда, тегишли мансабдор шахсларга Кодекснинг 122-моддасида белгиланган тартибда жарима солинади. Бу билан суд ҳужжатлари мансабдор шахслар томонидан ўз вақтида ва оғишмасдан бажарилишига эришилади.

Ушбу қонунга мувофиқ, Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборат. Бу вазифани бажаришда суд ҳужжатларининг ўз вақтида ижро этилиши муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан маъмурий судларга тааллуқли ишлар тоифаси кенгайтирилди. Бу билан эса фуқаролар ва тадбиркорларга енгиллик яратилди.

Мазкур қонунга мувофиқ, маъмурий судларнинг судловига янги тоифада ҳал этиладиган бир қатор қуйидаги ишлар киритилди:

– иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси чиқарган қарор устидан низолашишга оид ишлар;

– маъмурий органлар томонидан ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан берилган ариза ва шикоятлар (қарздорлик ундируви  сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати деганда, маъмурий органлар, жумладан, солиқ органлари томонидан Солиқ кодексининг 90-моддаси, божхона органлари томонидан Божхона кодексининг 351-моддасида назарда тутилган тартибда қўйиладиган инкассо топшириқномалари тушунилади);

– аризачининг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан бирга, маъмурий органдан ёки мансабдор шахсдан ўзига етказилган зарарни ундириш ҳақидаги талабни кўриб чиқиш.

Бундай ҳолларда, зарар миқдорини исботлаш мажбурияти аризачининг зиммасига юклатилади. Аризачи зарарни қоплаш билан боғлиқ ариза (шикоят) ни судга тақдим этишда “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 2-иловасига мувофиқ, талаб суммасининг 2 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи тўлаши ҳамда аризада маъмурий органдан ундирилиши сўралган зарар суммасини кўрсатиши керак. Аризада (шикоятда) қопланиши сўралаётган зарарнинг миқдори кўрсатилмаган тақдирда, БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида давлат божи тўланган бўлса, ариза (шикоят) қайтарилмай, суднинг иш юритувига қабул қилиниши ҳамда ишни кўриш жараёнида аризачи зарар миқдорига аниқлик киритиш чораларини кўриши белгиланди. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳар қандай ҳолатда ҳам, маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги талаб фуқаролик суди судловига тааллуқли бўлиб, Фуқаролик кодексининг 1021-1022-моддалари талаби асосида ҳал қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, суд тизимини ислоҳ қилиш мақсадида қабул қилинаётган ҳар қандай янги қонун ҳужжати фуқаролар ва тадбиркорларнинг нафақат одил судловга эришиш кафолати сифатида, балки суд қарорлари сўзсиз ижро этилиши ва суд фаолиятининг халқаро талаблар доирасида такомиллаштирилишига хизмат қилаётгани амалда намоён бўлмоқда.

А.Нурлипесов,  

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси.  

ЎзА