Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг яхши шароитда яшаши учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шароити оғир оилалар ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда овул ва маҳаллалар инфратузилмасини  ривожлантириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Беруний туманида ўтказилган хатлов жараёнида 1 минг 189 та уйнинг том қисмини таъмирлаш зарурлиги, 18 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй аниқланди. Йил бошидан буён яроқсиз ва авария ҳолатидаги барча уйлар қуриб битказилиб, ўз эгаларига топширилди.

Тумандаги Қизилқалъа овулида яшовчи Гулзира Aбдуллаева,  Гулистон маҳалласида яшовчи Чинора Юсупова оилалари янги хонадонларга кўчиб ўтди. Мустақиллик байрами қувончлари ҳовли тўйларига улашиб кетди.

Туман секторлари раҳбарлари мазкур хонадонларда бўлиб, мамлакатимиз   мустақиллигининг   32 йиллиги байрами ҳамда янги уй-жойлар билан қутлади.  Давлатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ижобий ишлар аҳолининг бахтли ҳаёт кечиришига, фаровон умргузаронлик қилишига хизмат қилаётгани таъкидланди. Ўз навбатида янги уйлар эгалари эҳтиёжманд оилаларга алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимизга чексиз миннатдорчилигини билдирди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири